Излаш
RUUZ

Жамият

Сергелидаги “моддий ёрдам ажратилмаган маҳалла” иши юзасидан вазирлик изоҳ берди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Сергели туманига 2 млрд. 328 млн. сўм пул маблағи ажратилганлигини маълум қилди.

5486views0replies
0

Видеодан кадр

2020 йилнинг 31 июль куни ижтимоий тармоқларда Сергели тумани “Ҳумо” маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг маҳалла раисининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, уларга моддий ёрдам ажратилмаганлигига эътироз билдираётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди.
Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг маълум қилишича, Сергели туманидаги 1940 та эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, мазкур оилаларга 2 млрд. 328 млн. сўм пул маблағи ажратиш белгиланган. Ҳозирга қадар 1 592 та оилага жами 1 млрд. 592 млн. сўм тарқатилди.
Айни вақтда қолган 348 та оилага белгиланган 736 млн. сўм пул маблағини тарқатиш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, Сергели туманидаги “Ҳумо” маҳалласи 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига ҳудуддаги янгидан қурилган кўп қаватли уйлар киритилган. Шунингдек, янгидан қурилган 7-, 8-, 9- ва 10-қурилиш участкаларида маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилмаганлиги сабабли ушбу кўп қаватли уйлар вақтинча бошқариш учун “Ҳумо” МФЙ бириктирилган.
Мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилганда Сергели тумани 1-сектори таркибига кирувчи “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан маҳалла худудида яшовчи жами 44 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож фуқароларга 1 млн. сўмдан бир маротабалик моддий ёрдам пуллари тарқатилган.
Жорий йилнинг 31 июль куни Сергели тумани “Ҳумо” маҳалласи таркибига кирмайдиган, маҳалла мақоми берилмаган, лекин вақтинча “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғини томонидан хизмат кўрсатиб келинаётган 8- ва 9-қурилиш ҳудудларида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар уларга моддий ёрдам ажратилмаганлигидан норози бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинига келишган.
Тошкент шаҳар Сергели тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ходимлари ҳамда туман ҳокимлигининг маъсул раҳбарлари томонидан ушбу фуқароларга ҳолат юзасидан профилактик тушунтирув ишлари олиб борилган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 1 август куни тахминан 150 нафар фуқаро мазкур маҳалла фуқаролар йиғини олдига тўпланиб, уларга ҳам бир маротабалик ёрдам пули берилиши бўйича мурожаат қилишган.
Тошкент шаҳар ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари томонидан норозилик билдирган фуқароларга бир маротабалик ёрдам пули ажратилишининг тартиби ва моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати қайтадан кўриб чиқилаётганлиги юзасидан тушунтириш берилган.
Тошкент шаҳридаги барча МФЙ раислари ва профилактика инспекторлари аҳоли учун ажратилган моддий ёрдам пулларининг ўз эгаларига тўлақонли етиб боришига масъулият билан ёндошишлиги ҳамда қонунбузарликка йўл қўйган масъулларга тегишли жазо тайинланиши юзасидан яна бир бор огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу вазият юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг воқеа жойига боргани тўғрисида маълум қилган эдик.  
5486views0replies
0

Изоҳлар