Жамият

Энди мактаблардаги якуний имтиҳон ва олий таълимга кириш имтиҳонлари бирлаштирилади

Бу борада президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат билан мазкур ўзгаришнинг тартиблари белгилаб берилмоқда.

Энди мактаблардаги якуний имтиҳон ва олий таълимга кириш имтиҳонлари бирлаштирилади
Фото:xs.uz

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тажриба синов тариқасида айрим умумтаълим муассасаларидаги якуний давлат имтиҳонлари ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун ягона тест синовлари ўтказилади. Бу борада президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.


Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта мактаб, академик лицей ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилади.


Белгиланишича: 


– умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи (кейинги ўринларда – мажбурий фанлар) фанларидан тест синовларини топширади;

 

– мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;

 

– олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширади;

 

– 2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади;


– тест синовлари Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади;

 

– тест синовлари натижалари ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

 

– тест синовлари натижалари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда баҳолаш мезонларига мувофиқ инобатга олинади;

 

– олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ва аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганларга (абитуриентлар) тест синови топширган мос ўқув тили ва фанлар мажмуаси бир хил бўлган таълим йўналишлари бўйича танловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади;

 

– абитуриентга тест синови топширилган фани бўйича 3 йил муддатда амал қиладиган абитуриент электрон сертификати берилади. Абитуриентга электрон сертификатининг амал қилиш муддати тугамасдан ушбу фан бўйича тест синовини белгиланган тартибда қайта топшириш ҳуқуқи берилади;

 

– алоҳида иқтидор талаб этиладиган, қабули тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали амалга ошириладиган таълим йўналишларига ўқишга киришда абитуриентларнинг мажбурий фанлар бўйича тест синови натижаси инобатга олинади;

 

– таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари)га мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади;

 

– тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар умумтаълим муассасалари битирувчилари, жумладан, олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ҳақидаги маълумотларни ҳар йили 1 мартга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилишини таъминлайди;

 

– фанни билиш даражаси бўйича Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатга, шунингдек, чет тили фани бўйича халқаро сертификатга эга бўлган абитурентларга мазкур фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл бериш ҳуқуқи сақланади.

 

Эслатиб ўтамиз, мазкур қарор жорий йил 8 августга қадар муҳокамада бўлади. 

изоҳлар
Кахрамон Матякубов
2 август, 04:43
Бу мактабларда коррупция ривожланишига олиб келади. Олийгохларга факат илмга эга, кобилияти бор абитурентлар кириши керак. Шундоғ ҳам саводсиз дипломлилар тиқилиб кетди
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
СИЗДА ЯНГИЛИК БОРМИ? БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
ЯНГИЛИК ЮБОРИШ
ЯНГИЛИКЛАР ЛЕНТАCИ
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ