Излаш
RUUZ

Жамият

“Сиз ичкарида барибир монопол ва номард иштирокчи сифатида қолаверасиз” — депутат “UzAuto Motors”га жавоб қайтарди

Кеча компания ўз баёнотида депутат сўзларида ҳаққонийликдан асар ҳам йўқлигини маълум қилганди.

1578views2replies
0

t.me/deputat_kusherbayev

“UzAuto Motors” компанияси кеча берган расмий муносабатида тез ёрдам учун автомобилларни оширилган нархларда сотаётгани ҳақида баёнот берган депутат Кушербаевнинг айбловларига жавоб берганди.  
Расул Кушербаев компаниянинг ушбу муносабатига жавоб қайтарди: 
“Мен "Ўзавтосаноат" ва "Ўзавтомоторс" бошқа-бошқа ташкилот, деб ҳисоблардим. Бироқ "Ўзавтомоторс"нинг мендан ранжиб қилган муносабатидан "Ўзавтомоторс" компанияси Ўзбекистон автомобил бозоридаги барча иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратиб бериши керак бўлган "Ўзавтосаноат"ни ўзига тегишли тузилма, деб ҳисоблаши кўринаяпти. Бу "монополия касаллиги"нинг асорати бўлса керак. Бўлмасам компания "Ўзавтосаноат"ни ишларини ўзига ёпиштириб олишдан сал уялган бўларди. Ё ростанам "Ўзавтосаноат" ва "Ўзавтомоторс" номи ҳар хил ўзи битта ташкилотми? Тушунарсиз. 
Мен кечаги фикримда учта фактни келтирганман. Булар:
- "Ўзавтомоторс"нинг оширилган, яъни шу йил март ойида бутун халқни норози қилиб кўтариб олган нархда ҳатто "тез ёрдам" учун ҳам "Дамас" автомобилларини сотаётганлиги;
- Россиянинг Уфа каби шаҳрида кўп миқдордаги автомобиллар очиқ осмон остида ташландиқ туриб қолса ҳам Ўзбекистон халқи ўзимизда қиммат, "дефектли" ва қийин шартларда автомобиллар сотиб олишга мажбур бўлаётганлиги; 
- "Ўзавтомоторс"ни халққа танлов имкониятини бермайдиган монополист бўлиб яшаб келаётганлиги. 
"Ўзавтомоторс" айтингчи, буларни қайси бири ёлғон? 
Депутат қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзингиз тушунмайдиган гаплар билан ҳаммани чалғитиб, қонунларни ўзгартириш депутатларни қўлидаку, деб ўзингизни оқламоқчи бўлибсиз. Асосий эътироз - Сизнинг монополист бўла туриб, халқ фикри билан ҳисоблашмаслигингизда.
Энди агар компанияда юристлар бўлса яхшилаб қонунчиликни ўқисин: сизга монопол ҳуқуқни парламент бермаган, сиз Президент ва ҳукумат қарорлари билан бу имтиёзларга эга бўлгансиз ва шулар ортида "беркинмачоқ" ўйнаяпсиз. Бу ерга "ҳомийлик иши" деб бошқа ишларни тиқиштириб гапни олиб қочманг. Агарки вақти келиб парламентга сизни ваколатларингизни қонун билан тартибга солишнинг имконияти берилса халқ вакиллари халқ фикридан келиб чиқиб, қарор қилади. Бунга шубҳа қилманг! 
Лекин ҳозир сизга халқ фикри қизиқмас. Агар қизиқ бўлганида март ойида қилган ишингиз - монопол бўла туриб бутун халқни норози қилиб автомобил нархларини бунчалик оширмасдингиз, "тез ёрдам" учун "Дамас"ларингизни оширилган нархда халқингизга сотмасдингиз. 
Сизга ҳомийлик қилмадинг, деб бошқа ишларни сўрамадик. Ким қўлидан нима келса қилаяпти, сиз эса қурбингиз етадиган жойида қаттиқлик қилаяпсиз. 
Мени популист, нопрофессионал, ёлғончи, кўр, кар, гўл дейсизми ёки кимларгадир шикоят қиласизми фарқи йўқ. Мен Сиз ҳақингизда кўпчиликка маълум ҳақиқатни айтавераман: Сиз ичкарида барибири монопол ва номард иштирокчи сифатида қолаверасиз. Тўғри бу гаплар оғир, лекин ҳақиқат шу. 
Агар гапим нотўғри бўлса қани эртагаёқ халқни норози қилган иш- автомобил нархларини туширинг, сотилмай чириётган автомобилларни янаям арзон қилиб сотинг, ҳеч бўлмаса "тез ёрдам" учун "Дамас"ларингизни арзонлатинг, мен ёлғончи бўлай, розиман. 
Менга сайловчилар билан қандай ишлашни ўргатиш эса Сизгамас. Ҳар қалай Сиздан фарқли равишда мен имкониятим борича уларни рози қилишга ҳаракат қиламан, оғир кунида фойда қилишни ўйламайман. 
Сўнгида маслаҳатим: аччиқ бўлса ҳам фактни факт билан енгади олди-қочди, жаҳл гаплар билан эмас. Буни пиарчиларингизга ҳам тушунтиринг!” деб ёзади Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида.
1578views2replies
0

Изоҳлар