Излаш
RUUZ

Коронавирус

Коронавирусга қарши вакциналар Ўзбекистонда ҳам синовдан ўтказилади

Коронавирусга қарши биргаликда курашиш доирасида Хитойнинг Sinopharm Group компанияси раҳбари Ўзбекистон ҳудудида ҳам вакциналарни синовдан ўтказишни таклиф қилди.

1406views0replies
0

iStock

Хитой Ўзбекистон билан коронавирус вакциналарини биргаликда синовдан ўтказишга тайёр.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг ХХРдаги элчиси Бахтиёр Саидов ва Хитойнинг Sinopharm Group компанияси бошқаруви раиси Лю Цзинчжэн учрашуви чоғида маълум бўлди.
Музокаралар жорий йил 7 май куни икки давлат раҳбарлари ўртасида коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш тўғрисида ўтказилган телефон орқали суҳбат давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Sinopharm Group раҳбари билан бўлган учрашувда пандемия шароитида фармацевтика соҳасида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, Ўзбекистонда доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва дори-дармон ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой томони ҳозирги кунда иккита коронавирус вакцинасининг клиник синовлари икки босқичи муваффақиятли якунланганлигини маълум қилди.
Булар Sinopharm гуруҳининг бўлинмаларидан бири – Хитой Миллий биотехника гуруҳи (China National Biotec Group, CNBG) томонидан ишлаб чиқилган вакциналардир.
Бугунги кунга қадар ХХР ҳудудида 50 мингдан ортиқ одам эмланди. Вакциналарни оммавий ишлаб чиқариш мақсадида жорий йилнинг июль ойида Пекинда иккинчи йирик заводнинг қурилиши якунланди ва шу билан ишлаб чиқариш ҳажми йилига 200 миллион дозага кўпайтирилди. Биринчи фабрика Ухан шаҳрида қурилган.
Лю Цзинчжэннинг сўзларига кўра, яқинда ХХРда аҳоли ўртасида ўтказилган клиник синовларнинг учинчи якуний босқичи бошланди. Шу билан бирга, синовлар коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида БAAда ҳам бўлиб ўтади ва унда 15 мингга яқин одам қатнашади. 
Шуни ҳисобга олган ҳолда, Хитой корпорациясининг раҳбари худди шундай синовларни Ўзбекистон ҳудудида ҳам ўтказишни таклиф қилди.
Музокаралар давомида COVID-19 га қарши курашда ва фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида келишувга эришилди. 
Хитой компанияси сўнгги йилларда Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноат зоналари ҳудудида қатор истиқболли қўшма лойиҳалар учун сармоявий шерик сифатида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, 1998 йилда ташкил этилган Sinopharm Group Хитойнинг энг йирик фармацевтика компанияси бўлиб, коронавирус келтириб чиқарадиган касалликларни даволаш учун 91 номдаги дори воситаларни ишлаб чиқаради ва улар 94 фоизга ижобий таъсир кўрсатади. 
Корпорация, шунингдек, Хитойда ва бутун дунёда кенг қўлланиб келинаётган COVID-19 ни аниқлловчи тестларни ҳам ишлаб чиқаради.
1406views0replies
0

Изоҳлар