Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Президент қурилиш соҳасидаги коррупция ва “хуфиёна иқтисодиёт”ни танқид қилди

Давлат дастурлари доирасидаги 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган.

898views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг 2020 йил 13 мартдаги фармонига мувофиқ Қурилиш вазирлиги олдига 337 та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан жорий йилда 60 тасини янгилаш вазифаси қўйилгани ҳақида гап борди. Бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун илғор тажрибага эга хорижий компанияни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент соҳада коррупция ва “хуфиёна иқтисодиёт” ҳолатларини кескин танқид қилиб, қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 32 мингта пудрат ташкилоти бор. Жорий йил 1 сентябрга қадар қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бу платформа 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан республика бўйича жорий этилади. Унга электрон меҳнат дафтарчаси тизими ҳам интеграция қилинади.
Таҳлилларга кўра, сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган.
Шу боис кейинги йилдан бошлаб, янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.
Қурилиш соҳасида муаллифлик, техник ва давлат назоратини такомиллаштириш борасида алоҳида қарор қабул қилиб, барча шароитлар яратиб берилган. Эндиги вазифа – назоратни ҳозиргидек қўлда эмас, балки IT-технологияларни жорий қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги таъкидланди.
Мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш корхоналари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси юклатилди.
Жорий йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан бошқа ҳудудларда қурилишда аниқланган барча камчиликлар фотосуратлари билан тизимга онлайн киритилади ва назорат жараёнлари автоматлаштирилади.
Қурувчи ташкилот ёки фуқароларга қурилиш жараёни тартиблари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотларни исталган вақтда олиш имкониятини берувчи онлайн тизим ишга туширилади.
Барча шаҳарсозлик қоида ва нормалари интерактив кўринишга ўтказилиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича барча жараёнларни рақамлаштириш ҳамда экспертиза хулосаларини ягона базада сақлашни йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.
Бу чоралар мамлакатимизда қурилишга рухсат бериш жараёнини 254 кундан 84 кунга қисқартириш, ушбу жараёнлардаги тартиб-таомилларни 17 тадан 5 тага камайтириш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг бу ишларга сарфланадиган вақтини 67 фоизгача қисқартириш имконини беради.
Йиғилишда мутасаддилар қурилиш соҳасини рақамлаштириш, очиқликни таъминлаш, шаҳарсозлик қоида ва нормаларини янгилаш борасидаги ишлар бўйича тақдимот қилди.
898views0replies
0

Изоҳлар