Фикр

Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар 1 августгача қандай омон қолади?

Карантин чораларининг навбатдаги кучайтирилиши эҳтиёжманд оилаларнинг тақдирини хавф остига қўяди. Давлат уларни етарлича қўллаб-қувваталаяптими? Қандай қилиб ҳомийлик фаолиятини самарали ташкиллаштириш мумкин?

Ижтимоий ҳимояга муҳтожлар 1 августгача қандай омон қолади?
Фото:UzNews.uz

Куни кеча карантин чоралари кучайтирилган 20 кун давомида Ҳукумат томонидан 120 минг оилага озиқ-овқат, зарур дори-дармонларни етказиб бериш учун 20 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Бу ҳар бир оила 166 667 сўм олади, дегани. Беғараз ёрдамнинг бундай миқдори ўтган йил охирида Ўзбекистон Халқ демократик партияси раиси Улуғбек Иноятов минимал яшаш учун беш нафар аъзоси бўлган оила учун 2,5 миллион сўм маблағ бир ойга етарли деб айтган фикрига умуман тўғри келмайди.

 

Албатта, глобал пандемия даврида молиявий етишмовчилик бўлиши табиий. Лекин мутасаддилар 166 667 сўмга йигирма кун у ёқда турсин бир ҳафта яшаш хам мураккаб эканлиги хақида ўйлаб кўрдилармикин? Яна савол туғиладики, нима учун айнан 120 минг оила? Бу рақам қаердан келиб чиқди? Расмий статистикага қарайдиган бўлсак, 2019 йил январида Ўзбекистонда 709 844 та ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олинган. Оғир шароитдаги оилалар билан боғлиқ кўрсатгичларга эътибор қаратадиган бўлсак, ёлғиз оналар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга оид рақамлар эълон қилинган 120 минг оилани мантиқсизга айлантиради. 

 

Муҳтожликнинг қанақа мезонлари бор ва уларни ким аниқлайди?

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудлар кесимида 
101980 нафар муҳтож фуқаролар рўйхатини қайси мезонлар асосида шакллантиргани номаълумлигича қолмоқда. Ҳафта бошида Раҳмат Маматов эҳтиёжмандлар ва даромадлардан маҳрум бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида низом ишлаб чиқилганини маълум қилди. Аммо ушбу рўйхат ҳануз эълон қилинмади ва жамоатчилик учун мавҳум бўлиб қолмоқда. Эҳтиёжманд оилалар рўйхатини тузишда бир қатор омиллар, таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, оғир касалликка чалинган, кўп болали ва бошқа оилалар ҳисобга олиниши таъкидланди.

“Афсуски, бундай рўйхатни тузиш жараёнига нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), хусусан, орасида ногиронлар бўлган шахслар бор ташкилотлар ва кўнгиллилар гуруҳининг киритилмагани ўз навбатида вазирлик ва маҳаллий органларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати камайишига олиб келади. Ижтимоий ҳамкор сифатида бошқа фуқаролик жамияти интститутларининг профилли ННТлари жалб қилинмаганлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказининг самарадорлигини пасайтиради.


Ишонч рақамларига ҳамма боғлана оладими?

 

Раҳмат Маматов саралаб олинган 120 минг муҳтож оилалар рўйхатига кирмай қолган фуқаролар Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказининг 1197 колл-марказига боғланишлари ва ўз эҳтиёжлари ҳақида маълум қилишни таклиф қилган. Аммо бир вақтда минглаб қўнғироқлар бўлиши ҳақиқатан муҳтож оилаларнинг боғлана олишлари ва зарур ёрдамни ўз вақтида олишлари учун қийинчилик туғдиради. Қўнғироқларни фильтрлаш муаммоси ҳам жиддий масала. Вақт ва кадрлар чекланганлиги туфайли мурожаатчиларнинг моддий аҳволи бўйича тезкор ҳисобот қилиш имконсиз.

 

1197 ишонч рақамининг яна бир муаммоси шундаки, у эшитиш қобилиятига эга бўлмаганлар учун имконсиз бўлиб қолмоқда. 2019 йилда Ўзбекистонда расман 21600 та кар ва қулоғи оғир шахслар рўйхатга олинган. Улар қандай қилиб Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази билан боғлана олади? Қолаверса, ёлғиз кексалар узоқ вақт навбат кута олишмайди ва қўнғироқ пайтида меню танлаш функцияларини бажариш уларга қийинчилик туғдиради.

 

Жамғармалар фуқаролар олдида шаффоф ва ҳисобдор бўла оладими?

 

Хайрия ишларини мувофиқлаштириш маркази мисолида ёрдамнинг марказий тақсимоти билан хайрия воситаларини тақсимлашдаги “тепадан пастга” тамойили, шунингдек, тезкор ёрдамнинг ишонч рақамлари ҳар бир мурожаатни изчил кўриб чиқишда транзакцион харажатларни сезиларли оширади.

 

Шаффоф мезонлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳақида ягона ва янгиланадиган маълумотларнинг йўқлиги бу ишнинг боришини қийинлаштирмоқда. Бундан ташқари, истеъмол маҳсулотларининг стандарт тўплами ва ёрдамни тақсимлашдаги “шаблон” ёндашув ўзини мутлақо оқламади. Чунки муҳтож оилалар турли ва ўзига хос эҳтиёжга эга. 

 

“Саховат ва кўмак” каби давлат жамғармаларининг шаффофлиги ва ҳисобдор эмаслиги сабабли аллақачон хайрияларни ноқонуний ўзлаштириб олиш кўринишидаги бир қатор қоидабузарлик ва жиноятлар содир бўлди. Май ойида Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари “Маҳалла” ва “Саховат ва кўмак” жамғармаларининг хайрия пулларини ноқонуний ўзлаштириб олди. Бошқа журналистик суриштирувда “Саховат ва кўмак” давлат хайрия жамғармаси маҳсулотларни юқори нархда сотиб олгани, жамғарманинг ўзи эса бюджетдагиларнинг ойлик маошидан “кўнгилли” тарзда ушлаб қолиниш эвазига тўлдирилган.


Муҳтожларга ёрдам кўрсатишда самарадорликни қандай таъминлаш мумкин?

 

Юқорида тилга олинган салбий оқибатларни бартараф этиш ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш фаолиятини самарали ташкил этишда турли ноҳукумат ташкилотлари, ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмаларини жалб қилган ҳолда ижтимоий шерикликни кучайтириш орқали ҳамкорлик ўрнатиш керак. Бироқ бизда ҳали аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича давлат органи тузилмагани боис фуқаролик жамиятининг фаол иштирокисиз беғараз ёрдамнинг самарали ва манзилли тақсимланишини амалга ошириш имконсиз.

 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузган рўйхатсиз ҳам қўллаб-қувватлаш мумкин. ШКК ва ТМЭК томонидан рўйхатга олинган ногиронлиги бўлган болалар ва катталарнинг реестри аллақачон мавжуд. Уларга болалигидан ногирон бўлганлар оладиган нафақа пули 466 680 сўмга тенг қўшимча бир марталик ногиронлик нафақасини бериш мумкин.

“Маҳалла қўмиталаридан кам таъминланган оилаларни рўйхатга олиш қийинлиги ва бу узоқ муддат давом этишини инобатга олиб вояга етмаган болалари бор ёлғиз ота-оналарга ҳам моддий ёрдам бериш керак. Улар орасида болали оилалар, бола парвариши ва моддий ёрдам олувчи сифатида рўйхатдан ўтолмаганлар бўлиши мумкин.”

Ҳеч қандай рўйхат тузмасдан, оилаларда рўйхатга олинган ногиронлиги бўлган шахслар ёки қарамоғида вояга етмаган болалари бўлган ёлғиз оналарга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ойлик нафақасига тенг бир марталик нафақа пули бериш керак. Қўшимча ижтимоий ёрдам ва моддий ёрдам харажатлар Инқирозга қарши кураш жамғармаси, “Маҳалла” жамғармаси, “Саховат ва кўмак” жамғармаси, шунингек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши керак. 

 

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин

 

Улуғбек МАМАТХОНОВ,

Ногиронлик масалалари бўйича эксперт

Covid-19 Ўзбекистонда
Юқтирганлар64811(+293)
Соғайганлар62033(+299)
Вафот этганлар542(+2)
Covid-19 Ўзбекистонда
Юқтирганлар64811(+293)
Соғайганлар62033(+299)
Вафот этганлар542(+2)
изоҳлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
СИЗДА ЯНГИЛИК БОРМИ? БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
ЯНГИЛИК ЮБОРИШ
ЯНГИЛИКЛАР ЛЕНТАCИ
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ