Излаш
RUUZ

Жамият

Бир қатор ОТМ раҳбарлари коррупцияга биргаликда курашишни илгари суришди

Ректорлар абитуриентларни фирибгарларнинг алдовига учмасликни, пора занжирини қабул жараёнларидаёқ узишга даъват қилмоқда.

1316views0replies
0

UzNews.uz

Бухоро давлат университети, Термиз давлат университети, Навоий давлат педагогика институти ва ТИҚХММИ Бухоро филиали раҳбарлари кириш имтиҳонлари яқинлашиб келаётган бир пайтда ота-оналар, абитуриентларни фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмасликни, коррупция иллатини бартараф қилиш лозимлигини маълум қилишди.
Бухоро давлат университети ректори Обиджон ХАМИДОВ ходимларидан бири коррупцияга аралашса муносиб жазо олишини таъкидлади:
— 90 йиллик тарихга эга бўлган Бухоро давлат университетида фаолият юритаётган раҳбар ходимлардан бошлаб, барча профессор-ўқитувчиларгача тизимда олиб борилаётган ислоҳотларга ўткир нигоҳ билан назар ташлаётганликлари аён. 
Қабул жараёнларида шаффофлик ва ойдинликни таъминлаш,  коорупцияга қарши аёвсиз курашни талабалар ўқишининг биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этамиз.
Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган университет жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади, - дейди ректор.
Термиз давлат университети ректори Абдуқодир ТОШҚУЛОВ абитуриентларни ўз билими ва кучига ишонишга чақирди:
"Азиз ота-оналар ва абитуриентлар, нопок кимсаларнинг алдовига учраманг. Университетда таниши ёки яқин қариндоши ишлашини рўкач қилиб, сизга талабаликни ваъда қилаётганларга ҳеч қачон ишонманг. 
Барча жараёнлар очиқ ва шаффоф, адолатли ўтиши таъминланади. Ижодий имтиҳонлар  очиқ ва шаффоф ўтказилади ва бу жараёнлар кенг жамоатчилик, ОАВ, блогерлар иштирокида бўлиб ўтади. Биз  имтиҳон жараёнларини адолатли ва шаффоф ўтиши учун барча чораларни кўрамиз. 
Абитуриентларга айтар сўзим: Фақат ўз билимингиз ва кучингизга ишонинг! Бошқа ҳеч нарса сизга ёрдам бера олмайди. Алдовларга учиб, кейин афсусланиб қолманг. Жамиятда коррупцияни янада авж олишига ҳисса қўшманг!", дея ўз фикрини билдирган университет ректори.
Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир СОБИРОВ эса қабул жараёнига инсон омилининг аралашувига йўл қўйилмаслигини таъкидлади:
— Навоий давлат педагогика институтига қабул жараёнини шаффоф, адолатли таъминлашда ҳам институт томони ҳам жамоатчилик бирдек масъул, деб ўйлайман.
Шундай экан, абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва фуқароларга қарата мурожаат қилмоқчиман:
Азиз абитуриент, Сиз ўз билимингизга, имконият ва иқтидорингизга, истеъдод ва тафаккурингизга ишонинг. Қабул жараёни тўлалигича Давлат комиссияси томонидан бошқарилиши ва амалга оширилишини унутманг. Унга ҳеч бир инсон омилининг аралашувига йўл қўйилмайди. Шу сабабли, фирибгарларнинг алдовига тушиб қолманг.  
ТИҚХММИ Бухоро филиали директори Нусрат МУРОДОВ пора билан ўқиш яхшиликка олиб келмаслигини уқтирди:
—  Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон, бутун ҳаёти давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади. 
У ўқитувчими ёки шифокор, масъул мутасаддими ёки оддий ишчи қатъий назар олдига келган ҳар бир инсонга “товар” сифатида қарайди ва ундан доимо таъма қилади. Таъма билан суғориладиган қалбда эса яхшилик уруғи унмайди. 
Таъма ва пора занжирини қабул жараёнларидаёқ узайлик. Токи у бошқа ниш урмасин. Фарзандларимиз қўлида занжир бўлиб, уларни панжара ортига бошламасин! - огоҳликка чақирган филиал директори.
Эслатиб ўтамиз, 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасаларига  бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосида 7 тоифадаги ёшларга имтиёз берилиши айтилган эди.
1316views0replies
0

Изоҳлар