Излаш
RUUZ

Жамият

Ўқувчиларга тўрт фанни бирлаштирган “Тарбия” фани ўқитилади

“Тарбия” фани 1–9-синфларда – 2020/2021 ўқув йилидан, 10–11-синфларда эса 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ўқитила бошланади.

3597views0replies
0

iiau.uz

6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 422-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” ҳамда “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани 1–9-синфларда – 2020/2021 ўқув йилидан, 10–11-синфларда эса 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб фанларга ажратилган умумий соатлар доирасида босқичма-босқич амалиётга жорий этилади. 
“Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар янги ўқув йили бошлангунга қадар чоп этилиб, жойларга етказилади. 
2020 йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар умумтаълим мактабларидаги “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” ва “Диншунослик” мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида “Тарбия” фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.
“Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув мажмуаларини харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари республика бюджети ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. 
Қарор билан умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун “Тарбия” фани концепцияси тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилганди.
Кейинроқ, Вазирлар Маҳкамасининг умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисидаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилганди.
3597views0replies
0

Изоҳлар