Излаш
RUUZ

Криминал

«Жазони ижро этиш муассасасидаги қийноқлар»дан вафот этган маҳкум воқеасига расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда ИИВ тизимидаги Жазони ижро этиш муассасасидаги қийноқлар натижасида вафот этганлиги иддао қилинган кишининг мурдаси тасвирланган видеоёзув тарқалган эди.

1494views0replies
0

ИИВ

Бугун, 1 июль куни ижтимоий тармоқларда ИИВ тизимидаги Жазони ижро этиш муассасасидаги қийноқлар натижасида вафот этганлиги иддао қилинган кишининг мурдаси тасвирланган видеоёзув тарқалди. ИИВ Матбуот хизмати томонидан мазкур ҳодиса юзасидан билдирилган муносабатга кўра, марҳум бундан икки ҳафта муқаддам сурункали касаллик оқибатида вафот этган.
ИИВ Матбуот хизматининг Жазони ижро этиш бошқармаси маълумотига таяниб хабар беришича, видеотасвирда акс этган мурда 1975 йилда туғилган фуқаро Хидиров Фаррух Анваровичга тегишли бўлиб, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, оиласиз, вақтинча ишсиз, муқаддам 4 маротаба судланган. Қамалгунга қадар Янгийўл шаҳри, Баҳор МФЙ, Наврўз кўчаси, 2-уйда истиқомат қилган.
2010 йил 18 октябрь куни Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми ва 164-моддаси 2-қисми «а» банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.
Жорий йилнинг 5 июнидан буён бир қатор ички касалликлари туфайли маҳкумлар учун ихтисослаштирилган 23-сонли касалхонада даволаниб келган. 
Даволанишига қарамасдан 2020 йил 18 июнь куни соат 05:45 ларда, касалхонанинг терапия бўлинмасида «Ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайиши, диарея» ташхисига кўра вафот этган. Мурда прокуратура органлари томонидан текширилган, тан жароҳатлари аниқланмаган, ҳолат юзасидан тегишли экспертиза тайинланган.
"Видео тасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ", дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, маҳкум Ф.А.Хидиров касаллик ташхиси бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ССВнинг ҳамкорликдаги 2008 йил 13 август кунидаги 1854-сонли Қарорида кўрсатилган касалликлар рўйхатига тўғри келганлиги сабабли суд муддатини кутаётган бўлган. 
ИИВ Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини ва натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилмоқда.
1494views0replies
0

Изоҳлар