Излаш
RUUZ

Жамият

Президент: "Карантиндан босқичма-босқич чиқиш вақти келди"

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилиши давомида Ўзбекистонда карантиндан босқичма-босқич чиқиш чоралари ҳақида маълум қилди.

1576views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида мамлакатдаги санитар-эпидемиологик вазият аста-секин барқарорлашиб бораётганини маълум қилди.
"Республикамизда санитар-эпидемиологик вазият аста-секин барқарорлашиб бораётганини ҳисобга олиб, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, карантиндан босқичма-босқич чиқиш бўйича навбатдаги қадамларни қўйиш вақти келди.
Биринчидан, санитария-эпидемиология ҳолатининг ижобий динамикаси, об-ҳаво шароити ва фуқароларнинг кўплаб мурожаатларини инобатга олган ҳолда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат бериш керак. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ушбу топшириқнинг ижросини сўзсиз таъминлаш чорасини кўрсин.
Иккинчидан, пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нобуд бўлишининг олдини олиш мақсадида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, фермер ва деҳқонларимиз томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат бериш лозим.
Учинчидан, аҳоли орасида касалликка чалиниш динамикаси пасайиб бораётганини инобатга олиб, фуқароларимиз томонидан шахсий автотранспортдан фойдаланишга чекловларни ҳам секин-аста юмшатиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Республика комиссияси тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан эрталаб соат 7:00дан 10:00гача ҳамда 17:00дан 20:00гача шахсий автомашиналардан фойдаланишга рухсат берилишини таъминласин.
Бунда:
- шахсий автотранспортдан, биринчи навбатда, фуқароларимизнинг иш жойига, тиббиёт муассасаларига бориши ва уйига қайтиши, истеъмол маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни харид қилиши учун фойдаланиши;
- махсус рухсатномаларга (стикерларга) эга ва етказиб бериш хизматини кўрсатаётган фуқаролар эса шахсий автотранспортда ҳеч қандай чекловсиз ҳаракатланиши мумкинлиги белгилансин", - деган президент.
1576views0replies
0

Изоҳлар