Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш доирасида COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича қатор ечимлар таклиф қилди

Президент Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун ўтказилган навбатдан ташқари саммитида иштирок этди.

1306views0replies
0

president.uz

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев раислигида ўтган тадбирда, шунингдек, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳамда кенгаш бош котиби Бағдат Амреев ва ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирда пандемияга қарши курашиш борасида мамлакатларимизда кўрилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича таъсирчан ва кенг қамровли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш тизимлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва нисбатан заиф соҳалари учун оқибатларни юмшатиш, очиқ халқаро мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг оқибатларига қарши самарали курашиш бўйича таъсирчан амалий чоралар кўриш мақсадида Шавкат Мирзиёев томонидан қатор аниқ таклифлар илгари сурилди, шу жумладан:
- Туркий кенгаш доирасида эпидемиологик ҳолатни мониторинг, таҳлил қилиш ва унинг ривожланишини прогнозлаш бўйича доимий фаолият юритувчи тизим яратиш;
- хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш соҳасида тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун соғлиқни сақлаш вазирликлари ва етакчи тиббиёт муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш. Шу мақсадда яқин вақтда етакчи экспертлар иштирокида биринчи видеоанжуман ўтказиш;
- Туркий кенгаш котибиятининг мувофиқлаштирувчи функцияларини кучайтириш ҳамда пандемияга қарши курашиш миллий штаблари билан яқин амалий алоқаларни йўлга қўйиш учун тегишли гуруҳ тузиш;
- транспорт инфратузилмаси ва коммуникацияларидан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш, юк ташишда ва уларнинг соддалаштирилган тартибда чегарадан ўтказилишида амалий кўмаклашиш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг транспорт вазирлари раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузиш орқали юзага келаётган барча масалаларни тезкор ҳал қилиш;
- пандемия оқибатларини юмшатишга кенг халқаро ёрдамни жалб этиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва ваколатларини янада ошириш, ЖССТ ва Туркий кенгаш ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш.
“Ҳаммамизга аёнки, бирон бир давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди. Биз бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишимиз лозим. Биз биргаликда кўп нарсага қодирмиз”, - деган президент.
Шавкат Мирзиёевнинг барча таклиф ва ташаббуслари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг якуний ҳужжатида – Боку декларациясида ўз аксини топди.
1306views0replies
0

Изоҳлар