Излаш
RUUZ

Жамият

Президент коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.

2084views0replies
0

president.uz

Президентнинг қайд этишича, қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказилган.
"Мана шундай оғир синов дамларида кўпмиллатли халқимиз саросима ва ваҳимага тушмасдан, аксинча, четдан келган бу балонинг тезроқ ўтиб кетишига, ҳадемай яхши кунлар келишига ишониб, ўзининг мустаҳкам иродаси, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлигини яна бир бор намоён этмоқда", – деган Шавкат Мирзиёев.
Ҳудудларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, яхши ният ва эртанги кунга ишонч билан қишлоқ хўжалиги ишларини бошлаб юбордилар.
"Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳаёт барқарор суръатда давом этмоқда. Энг асосийси, минг-минглаб юртдошларимиз, айниқса шифокорларнинг фидойи хизмати, ўз бурчига садоқати туфайли кўраётган тезкор чораларимиз ўзининг ижобий натижасини бермоқда", – деган президент.
Йиғилишда карантин ва санитария-гигиена талаблари бузилганлик ҳолатлари муҳокама қилинган.
"Бутун дунёнинг бошига тушган бу мураккаб синовдан биз, Худо хоҳласа, янада кучли бўлиб, бир-биримизга меҳримиз янада зиёда бўлиб, албатта ёруғ юз билан ўтиб оламиз. Фақат тартиб-интизомга қатъий риоя қилиб, ўринсиз ваҳимага тушмасак, тушкунликка берилмасак, марра бизники бўлади.
Бу вақтинчалик қийинчилик ва муаммолар, албатта, ўтиб кетади. Пок ниятли, дину диёнатли, сабр-бардошли, олижаноб халқимиз билан ҳали кўп яхши кунларни кўрамиз, кўп тўй-томоша ва тантаналарни биргаликда нишонлаймиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга албатта етамиз", – деган Шавкат Мирзиёев.
Президент Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички талабни тўлиқ таъминлаш, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини ошириш учун катта резерв ва имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Бунинг учун барча фермер, кластер, деҳқонлар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўз даласида, аҳоли эса томорқасида баҳорги экиш ишларини давом эттириши керак. Акс ҳолда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш қийин бўлиши ҳаммага аён.
Томорқадан юқори ҳосил ва даромад олаётган омилкор инсонлар тажрибасини кенг жорий қилиш кераклиги айтилди. Мисол учун, Асака, Олтинкўл, Наманган, Уйчи, Ангор, Жарқўрғон, Китоб, Тойлоқ, Самарқанд, Янгийўл, Зангиота, Олтиариқ, Қува каби туманлардаги аксарият томорқаларда 2-3 марта ҳосил олиниб, битта оила 8-10 сотихли экин майдонидан ўртача 50-60 миллион сўм, баъзилар эса 100 миллион сўм даромад қиляпти.
Президент бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.
Хонадонларда ихчам иссиқхоналар қуриш ҳам муҳим. Бугунги кунда томорқаларда жами 4 минг гектар енгил конструкцияли иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларда йилига уч марта ҳосил олишни йўлга қўйиш мумкин.
Лекин кўплаб туманларда бу масалага етарлича эътибор берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳар бир сектор ҳудудида камида 100 тадан хонадонда 1-1,5 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Шу билан бирга деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ҳокимлар билан биргаликда сув таъминоти яхши бўлмаган маҳаллаларда артезиан қудуқлар қазиб, ҳосилдорликни ошириш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалигида вақтинча фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириб, кам таъминланган оилаларни банд қилиш бўйича тизим яхши самара бермоқда. Йиғилишда бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиб, камбағалликни ва ишсизликни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Кооперативга аъзо бўлган ишсиз фуқароларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жамғармасидан маҳсулот етиштириш харажатлари учун 24 миллиард сўм субсидия ажратилади. Кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга мевали кўчатлар, сабзавот уруғлари ва бошқа моддий ресурслар етказиб берилади.
"Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак", – дейилади хабарда.
Шунинг учун томорқадан самарали фойдаланмаётган хонадон эгалари расман огоҳлантирилиши, ундан кейин ҳам экин экмаганларга ер солиғи оширилган ставкада қўлланилиши маълум қилинди.
2084views0replies
0

Изоҳлар