Излаш
RUUZ

Жамият

Бош прокуратура ходимлари ўз иш ҳақларининг бир қисмини “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб берди

Бош прокуратура коронавирус инфекцияси тарқалгани сабабли содир бўлган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

2281views0replies
0

UzNews.uz

Бугун халқимиз, жаҳон ҳамжамияти яна бир синовга дуч келди. Бу ҳам бўлса, янги типдаги коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ жиддий вазиятдир.
Инфекция аниқланган давлатлар, уни юқтирган одамлар сони кун сайин кўпайиб бораётгани энг аввало, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишни талаб этмоқда.
Шу боис, Ўзбекистонда ҳам халқимизни бу офатдан асраш, вирус аниқланган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали иш олиб борилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мураккаб даврда халқимиз, бутун жамиятимиз учун кўрсатилган ғамхўрликнинг яққол ифодаси бўлди.
Зотан, мазкур Фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағнинг йўналтирилгани тарихий аҳамиятга моликдир.
Бундан ташқари, тадбиркорлар учун бюджетга тўланадиган солиқ ва ажратмалар миқдори кескин камайтирилди, баъзи йиғимларни ҳисоблаш ва тўлаш маълум муддатга тўхтатилди.
Хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган бир қатор солиқлар бўйича пенялар ҳисоблаш тўхтатилиб, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайдиган бўлди.
2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ҳам тўхтатиб қўйилди.
Жисмоний шахслар учун мол-мулк ва ер солиғи тўлаш муддати узайтирилди, уларнинг хайрия ташкилотларидан оладиган даромадлари солиқдан озод қилинди.
Коронавирус сабабли карантинга жойлаштирилган ота-оналар, шунингдек уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга нафақа тўлаш белгиланди. Бундай шахслар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди.
Инфекцияга қарши курашга жалб қилинган шахсларни ҳам ҳар томонлама рағбатлантиришнинг самарали чоралари белгиланди.
Аниқ мақсадга йўналтирилган, ортиқча ваҳималардан холи тарзда жорий этилган қатъий карантин чоралари эса, касалликнинг шиддат билан тарқалишига тўсиқ бўлмоқда.
Энг муҳими, шу кунларда меҳр-мурувват, саховат каби халқимизга хос хислатлар янада кўпроқ намоён бўлмоқда.
COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунинг далилидир.
Мазкур акция доирасида Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини мазкур фондга беғараз ўтказиб бердилар.
Албатта, давлатимиз ғамхўрлиги самараси ўлароқ, инфекция таъсирида ҳали ҳеч ким ҳеч нарсага муҳтожлик сезгани йўқ, бундай бўлмайди ҳам.
Бу каби акциялар эса, синовли дамларда халқимизни янада жипслаштиради, ҳамжиҳатликни кучайтиради, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборидан четда қолмаслигининг амалий исботи бўлади.
2281views0replies
0

Изоҳлар