Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкентда енгил кийинган қизлар Lacetti автомобилининг люкидан чиқиб рақсга тушди — видео

Автомобил жарима майдончасига юборилди, қизлар эса ўз хатти-ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилишлари мумкин.

1655views0replies
0

Тошкент шаҳри ИИББ

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқаган видеоёзувларда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti русумли автомобиль люкидан чиққан ҳолда икки нафар енгил кийинган қизлар рақсга тушаётганликлари акс этган. 
Тошкент шаҳри ИИББнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат 2020 йилнинг 26 февраль кунига ўтар тунда содир бўлган ва шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан тегишли чоралар кўрилган.
Аниқланишича, Lacetti русумли автомобиль ҳайдовчиси 23 ёшли Ж.Б. Юнусобод тумани Истиқлол кўчасидан ҳаракатланаётганда икки нафар йўловчиларига хавфли тарзда люкдан чиқишларига йўл қўйган. Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ баённома тузилган. 
ИИББ хабарида ёзилишича, “транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.
“Кейинчалик ҳайдовчининг маълум қилишича, у нотаниш қизларни манзилларига олиб бориб қўйиш учун йўлдан миндирган. Қоидабузарликнинг бевосита иштирокчилари ҳозирга вақтда аниқланмоқдалар, уларга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасига (майда безорилик) мувофиқ чора кўрилиши кўзда тутилмоқда”, - дейилади мазкур хабарда.
Мазкур моддага кўра, “жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.”
Шунингдек, текширув давомида автомобилга амалдаги қонунчилик талабларини четлаб ўтилган ҳолда ўзгартириш киритилгани аниқланди (ўзгартириш киритиш учун ИИВ ЙҲХББ рухсати йўқ). Шу муносабат билан  Lacetti Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойланди.
1655views0replies
0

Изоҳлар