Излаш
RUUZ

Жамият

Хитойдан Ўзбекистонга олиб келинган юртдошларимизнинг карантин мудддати тугади

Хитойда сафарда бўлган жами 584 нафар ватандошимиз жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари учта чартер рейс орқали мамлакатимизга олиб келинган эди.

1655views0replies
0

Уларнинг 459 нафари эркак ва 125 нафари хотин-қизлардан иборат бўлиб, ҳар бир рейсга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали инфекционист ва эпидемиолог мутахассислари жалб этилиб, парвоз олди ва парвоз давомида олиб келинаётган фуқароларнинг саломатлиги тиббий кузатув остига олинди.
Сўнгра барча йўловчилар коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.
Бугун “Бўстон” санаторийсида жойлаштирилган 294 нафар фуқарони карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатиш маросими бўлиб ўтди.
– “Бўстон” санаторийси тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланди. Кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитания-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилиб, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилди. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида барча керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Ошхоналарда 14 кунлик таомнома тузилиб, кунига уч марта сифатли овқатланиш ташкил этилди.
Барча муассасаларда юқумли касалликлар бўйича малакали вирусолог, эпидемиолог ва бошқа етакчи шифокор-мутахассислар иш олиб боришди. Улар карантин муассасасида белгиланган муддат якунига етгунга қадар фаолият юритишди. Шунингдек, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида ички ишлар органлари, Миллий гвардия ходимлари жалб этилиб, улар алоҳида биноларга жойлаштирилди.
Карантин объектларида сақланаётган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан мулоқот қилишлари учун телефон аппаратлари ўрнатилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги Стоматология институтида карантиндаги фуқаролар билан уларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари мулоқоти учун видеоконференцалоқа воситалари ва телефон аппаратлари ўрнатилган “Call center” фаолият юритди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, эрта-индин карантин муддати якунига етиши муносабати билан бошқа тиббиёт муассасаларидаги Хитойдан олиб келинган фуқароларимиз ҳам ўз уйларига кузатилади.
1655views0replies
0

Изоҳлар