Излаш
RUUZ

Жамият

Адлия вазирлиги ходимларининг компьютерлари иш куни охирида автоматик тарзда ўчирилмоқда

Адлия вазирлигида ходимлар ишда ушланиб қолмасдан, уйларига вақтида қайтишлари учун компьютерлар ўчирилмоқда.

1494views0replies
0

UzNews.uz

Адлия вазирлиги ходимлар ишларини ўз вақтида якунлаб, уйларига қайтишлари учун иш куни охирида барча ходимларнинг хизмат компьютерларини автоматик равишда тармоқдан узиб қўйиш тартибини жорий қилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Адлия вазирлигининг қайд этишича, ортиқча ишлаш қисқа муддатли режалар учун қандайдир хизмат қилса ҳам, юқори натижали самарали меҳнат ва сермазмун ҳаёт фаолиятини йўлга қўйиш йўлида, шунингдек катта стратегик мақсадлар учун салбий таъсир кўрсатади.
Хусусан:
- ходимларнинг меҳнат унумдорлиги пасайишига;
- иш вақтининг нотўғри режалаштирилишига;
- энергия ресурсларнинг ортиқча сарф бўлишига;
- ходимнинг оилавий муаммоларга дуч келишига ва ижтимоий кўникмаларига салбий таъсир қилишига олиб келади.
Шу сабабли юқоридаги муаммоларни инобатга олиб, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда, Адлия вазирлиги меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.
Ушбу дастурнинг битта тадбири сифатида ходимларни кун мобайнида ўз фаолиятини тўғри режалаштириш юзасидан тушунтиришлар берилиб, тайм менежментнинг янги замонавий моделларидан фойдаланиш илгари сурилмоқда.
"Ходимлар иш вақти тугагандан кейин ўз фаолиятини тугатиш талаб этилмоқда. Энг кескин чора сифатида эса принципал ёндашув асосида иш куни охирида барча ходимларнинг хизмат компьютерлари автоматик равишда тармоқдан узиб қўйилиш тартиби ҳам киритилди. Мазкур ҳолатда ходим ўз-ўзидан ишини тугатишига тўғри келади", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, якшанба куни ходимларни ишга чиқиши тақиқланган. Бу талабнинг бажарилиши қатъий назорат қилинмоқда. Яъни, ходим кўрсатмага амал қилмасдан ишга келса ҳам у бинога киритилмайди.
Мазкур чоралар натижасида ходимлар иш вақтидан унумли фойдаланишга ҳамда меҳнат жараёнини оптимал режалаштиришга мажбур бўлишмоқда ва бу ўз мевасини бермоқда.
"Ўз вақтида оиласи бағрига қайтган, етарлича дам олиб, позитив энергияга эга бўлган ходимларнинг меҳнат самарадорлиги ортиб бормоқда", - дея таъкидланган хабарда.
1494views0replies
0

Изоҳлар