Излаш
RUUZ

Жамият

Президент бюджет маблағларининг самарали сарфланишини қатъий назорат қилишга кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

1894views0replies
0

president.uz

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, йиғилишида экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштириш йўналишларига масъул мутасаддиларнинг вазифалари кўриб чиқилди. Ҳар бир доллардан унумли фойдаланиш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарларининг шахсий масъулияти белгиланди. Шавкат Мирзиёев бундан буён тармоқ ёки ҳудуднинг масаласи деган сансоларлик бўлмаслиги, экспорт прогнози ижросини таъминлашга ҳар бир вазир, хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳоким билан бирга теппа-тенг жавоб беришини таъкидлади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жорий йилги экспорт прогнози ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиб, маҳсулотларни қаерга, қачон экспорт қилиш ва буни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш вазифаси қўйилди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига пахта толасини қайта ишлаш қувватларини 80 фоизга етказиш, янги корхоналар ҳисобига экспорт номенклатурасини диверсификация қилиш ҳамда географиясини кенгайтириш топширилди.
Мамлакатимиз экспортёрларининг салоҳиятли бозорларга киришини енгиллаштириш учун имтиёзли савдо режимини жорий этиш, “GSP+” умумий преференциялар тизимига қўшилиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга мева-сабзавот экинларини экспорт талабидан келиб чиқиб оптимал жойлаштириш, салоҳиятли ташқи бозорларда савдо уйлари ва дилерлик тармоқларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Ихтисослашган 55 та туманда мева-сабзавотлар ишлаб чиқаришни кластер шаклига ўтказиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
“Ўзстандарт” агентлигига ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 155 та фермер хўжалигида “Global G.A.P.” халқаро стандартини жорий этиш, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Видеоселектор йиғилишида инвестицияларни жалб этиш масалалари таҳлил қилинди. Жорий йилдан бошлаб инвестиция дастурлари янги тизим асосида ишлаб чиқилди. 2020 йил учун 1569 та хусусий ва тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан шу йилда 233 триллион 200 миллиард сўм, жумладан 7,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган.
Президент бюджет маблағларининг самарали сарфланиши, белгиланган 2 минг 190та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатли бажарилишини қатъий назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.
Жорий йилда 372та болалар боғчаси, 343та мактаб, 228та тиббиёт муассасаси, 61та олий ўқув юрти, 44та спорт иншооти, 187та ичимлик ва оқова сув тармоғи, 241та ирригация ва мелиорация объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган.
Президент инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, инвестициялар самарадорлигини баҳолашда муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатиб ўтди. Инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришда биринчи навбатда инфратузилмага уланиш имкониятлари ва харажатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев жорий йилдан бошлаб маҳаллийлаштириш дастури янгича ёндашувлар асосида шакллантирилишини қайд этган. Хусусан, 830 та лойиҳа доирасида 9 триллион сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Ўзагротехсаноат-холдинг” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Фармацевтика тармоғини ривожлантириш” агентлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари аниқ лойиҳаларни амалга оширишлари лозимлиги қайд этилди.
1894views0replies
0

Изоҳлар