Излаш
RUUZ

Жамият

“Тиббий ёрдам“ ходимлари бодикамералар билан таъминланади

Бодикамералар тиббий хизматни кўрсатишдаги шаффофликни таъминлаб, тиббиёт ходимларига таҳдид ва ҳужум қилинишининг олдини олади.

1463views0replies
0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу кунларда тез тиббий ёрдам имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида, шу йўналишдаги тиббиёт ходимларини бодикамералар билан таъминлашнинг тиббий-ҳуқуқий жиҳатларини ўрганиш бўйича тажриба-синов ишлари бошланди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Бундан мақсад тиббий хизмат кўрсатишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бемор ҳуқуқи ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, тиббий хизмат сифатини янада оширишдир. Ушбу бодикамералар тиббиёт ходимларининг таҳдид ва тажовузга учраши эҳтимолининг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади“, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Санитар авиация хизмати учун замонавий вертолётлар харид қилиниши режалаштирилган. Ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этиш мақсадида, санитар авиация хизматидан фойдаланиш тартиби тасдиқланиб, санитар вертолётни тиббий анжомлар билан жиҳозлаш спецификацияси ишлаб чиқилди.
Кенг қамровли ислоҳотлар натижасида, аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортаётгани ва мурожаатлар йил сайин ошиб бораётгани қайд этилмоқда.
“Масалан, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион. 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Ўтган йилда мурожаатлар сони ўн миллиондан ошган. Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2017 – 2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилган“, — дея қайд этилган хабарда.
1463views0replies
0

Изоҳлар