Излаш
RUUZ

Сиёсат

Президент фаолияти тўхтатиб қўйилган тадбиркорларга ёрдам беришга кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жорий йилги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.

2591views0replies
0

president.uz

"Ягона йўлимиз – тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш! Ҳар бир ҳоким бюджетга қўшимча даромадларни таъминлаши учун ўзи изланиши, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка ишлаши керак", – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда президент матбуот хизмати.
Жойлардаги раҳбарларнинг эскича иш услуби, энергия ресурслари истеъмоли ва тўлови бўйича ҳисоб-китоб юритиши, тадбиркорларни қийнаётган масалаларга ёндашуви танқид қилинди. Ўтган йили Мирзо Улуғбек, Ғузор ва Муборак туманларида фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлар сони ошгани кўрсатиб ўтилди.
"Битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши керак, – дея таъкидлади президент. – Иқтисодий барқарорлик асоси рақобатбардош тадбиркорларни кўпайтиришдир".
Аввало, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини тўхтатган корхоналарни тиклашга кўмаклашиш кераклиги таъкидланди. Бунинг учун электр, газ, йўл, сув билан боғлиқ инфратузилмани яхшилаш, янгиларини барпо этиш зарур. Шу боис ҳокимиятлар томонидан ошириб бажарилган даромадлар, биринчи навбатда, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилашга йўналтирилиши белгиланди.
Шунингдек, тайёр инфратузилмаси бор кичик саноат зоналарининг 263 гектар майдони ва 50 мингдан зиёд объектларидан самарали фойдаланилса, кўплаб янги қувватлар ташкил этиш мумкин. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шу борада манзилли дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир туман кесимида ресурс солиғи тўловчиларни ҳамда уларнинг объектларини ҳисобга олиш, иш ўринлари ва тадбиркорлар фаолиятини легаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун қарздорликни қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва бошқа жойларда дебитор қарздорлик кўпайгани, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида катта миқдорда талон-торожликлар аниқланаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг молиявий аҳволига салбий таъсир этиши билан бирга ҳудудлардаги тадбиркорларнинг электр ва табиий газ таъминотида узилишларга сабаб бўлмоқда.
Президент бундай ҳолатларга чек қўйиб, электр энергияси ва табиий газдан қарздорликни қисқартириш, аҳоли ва тадбиркорларни ушбу манбалар билан узлуксиз таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзкимёсаноат” каби йирик корхона ва ташкилотлар бюджет кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатади. Эндиликда улардан тушумлар яқинда тузилган Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш инспекцияси томонидан мустақил йиғилади.
Бюджетга тушумларни оширишда яна бир муҳим йўналиш – давлат активлари. Ўтган йили давлат иштирокидаги корхоналар томонидан бюджетга жами 1,6 триллион сўм дивиденд тўланган, холос.
Шу боис мутасаддиларга давлат мулки объектларини, жумладан, ёғ-мой ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни хусусийлаштириш, йирик солиқ тўловчи субъектлар бўйича дивиденд тўлаш миқдори ва даврийлигини белгилаш вазифаси юклатилди.
Видеоселекторда янги Солиқ кодексини ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жорий йил 1 январдан мамлакатимиз солиқ тизимида 120дан ортиқ янги қоидалар амалиётга киритилди. Бу қоидалар тўғри қўлланиши, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланиши учун ўзгаришлардан барча хабардор бўлиши керак.
Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга халқаро тажриба асосида, тадбиркорлар билан муҳокама қилган ҳолда солиқ текширувлари ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
2591views0replies
0

Изоҳлар