Излаш
RUUZ

Жамият

Эндиликда 10-11 синф ўқувчилари фанларни ихтиёрий равишда танлай олишади

Ўқувчиларга уларни қизиқтирган фанлар бўйича чуқурлаштирилган тарзда билим беришга қаратилган мазкур тажриба 2019-2020 ўқув йилининг якунига қадар ўтказилади.

4211views0replies
0

Тошкент шаҳар ҳокимияти

2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади, деб хабар бермоқда халқ таълими вазирлиги.
Вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.
Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди:
– ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналардан норозичилик бўлса;
– умумий ўрта таълим мактаблари вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида ўқитиладиган синфга тегишли фандан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса.
Танлов синфи йўналиши 10-11 синфлар кесимида ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Бунда бир нафар ўқувчи фақат битта йўналишни танлайди.
Танлов синфини ташкил этиш учун қуйидаги йўналишлар тавсия этилади:
– биринчи йўналиш: хорижий тил ва филология йўналиши;
– иккинчи йўналиш: молия – иқтисод йўналиши;
– учинчи йўналиш: технология йўналиши;
– тўртинчи йўналиш: табиий фанлар йўналиши;
– бешинчи йўналиш: ижтимоий-гуманитар йўналиш.
Педагогика кенгаши қарори билан тасдиқланган танлов синфи йўналишидан келиб чиқиб, тегишли фан методика бирлашмаси ва директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан танлов синфининг ўқув режаси тузилади.
Танлов синфи учун вариатив ўқув режани тузишда 2019-2020 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада 10-11 синфларга ажратилган умумий дарс соатлари миқдори асос қилиб олинади. Бунда ҳафталик умумий соатлар миқдори 10 синфда 30 соатни, 11 синфда 31 соатни ташкил этади.
Вариатив ўқув режаларининг жорий этилиши натижасида 10 ва 11 синфларда ўқувчилар ўқийдиган мажбурий фанлар сони 15тадан 8тага камаяди. Мазкур ўқув режасини тажриба-синовдан ўтказиш жараёнида она тили ва адабиёти, ўзбек тили/рус тили, чет тили, тарих, математика, информатика, маънавият асослари (тарбия), жисмоний тарбия фанлари мажбурий ўқитилади.
Мазкур мажбурий фанларга ажратилган соатларнинг миқдори таянч ўқув режада белгиланган миқдордан (10 синфда жами 19 соатдан, 11 синфда 19,5 соатдан) кам бўлмаслиги лозим.
Ўқувчилар томонидан танланган йўналишга оид фанлар танлов фанлари ҳисобланади. Танлов синфида мажбурий фанлар билан бирга танлов фанлари ҳам ўқитилади ва танлов фанлари учун ҳафтада 10 синфда жами 11 соат, 11 синфда 11,5 соат ажратилади. Танлов фанларига 2019-2020 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режада 10-11 синф учун белгиланган барча фанлар киради.
4211views0replies
0

Изоҳлар