Излаш
RUUZ

Сиёсат

Токиода Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими қандай ўтди

19 декабрь куни Ўзбекистон президентининг Японияга ташрифи асосий тадбирлари Токиода бўлиб ўтди.

1929views0replies
0

president.uz

Кантэй қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Шавкат Мирзиёевни Япония Бош вазири Синдзо Абэ кутиб олди. Улар давлат байроқлари олдида қўл бериб кўришди.
Давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди. Уларга делегациялар таништирилди.
Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказилди.
Синдзо Абэ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Япония ҳукумати раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, япон халқини “Рэйва“ даври бошлангани билан табриклади.
Япония ҳукуматига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирилди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш йўналишлари кўриб чиқилди. Долзарб халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги қайд этилди.
Асосий эътибор мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этдилар.
Энергетика, қазиб олиш тармоғи, машинасозлик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм ва бошқа устувор йўналишларда, аввало, Япония етакчи компания ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш маъқулланди.
Делегациялар раҳбарлари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги орқали молиявий ва молиявий-техник шериклик кенгайиб бораётганини олқишладилар.
Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқаларни, тартибли меҳнат миграцияси, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар музокара натижаларидан мамнун эканларини билдирдилар, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даврини бошлаш борасида қатъий эканларини таъкидладилар.
Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи учун қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифини миннатдорлик билан қабул қилди.
1929views0replies
0

Изоҳлар