Излаш
RUUZ

Жамият

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: коралл кальций ҳар дардга даво эмас

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ва олимлар Ўзбекистонда кўп дардга даво сифатида қиммат нархларда сотилаётган дори воситасига изоҳ бердилар.

1558views0replies
0

Youtube

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизга четдан олиб келинаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси ҳақида ҳар хил шов-шувли маълумотлар тарқатилмоқда. Жумладан, коралл кальций жуда кўп дардларга шифо бўлиши, ҳатто, онкологик касалликларда ҳам яхши самара бериши ҳақида асоссиз хабарлар кўпайиб бораяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумотларни атрофлича ўрганиб, қуйидагиларни маълум қилди:
“Дарҳақиқат, кальций моддаси инсон ҳаёти ва саломатлиги учун муҳим микроэлементлардан бири. Зеро, кальций инсон суяк тизимларини мустаҳкамлаш, организмда модда алмашинувини яхшилашда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли таркибида кальций бўлган биологик фаол қўшимчалар доим харидоргир бўлиб келган.
Коралл кальцийси ҳақида сўз юритиладиган бўлса, бу модда кальций карбонатининг бир кўриниши бўлиб, кальцийнинг дунёда энг кўп тарқалган тури ҳисобланади. Коралл кальцийси тошланган кораллдан олинади ва унинг минераллар таркиби оддий кальцийга қараганда бироз бойроқ бўлади. Ҳозирги кунда пойтахтимиздаги “BEVERLee Businees” масъулияти чекланган жамияти хориждан олиб келинган ана шундай маҳсулотни аҳолига тақдим этмоқда. Ушбу МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган ва у тақдим этаётган маҳсулотлар тегишли мувофиқлик ва сифат сертификатига эга. Бироқ, четдан келтирилаётган коралл кальций биологик фаол қўшимчаси нархи дорихоналаримизда сотилаётган кальций препаратидан жуда ҳам қиммат, самарадорлик борасида эса амалдаги тиббий препаратлардан у қадар фарқ қилмайди. Буни Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лабораториясида ўтказилган тадқиқот ҳам исботлади”.
Мазкур институт илмий ходими Рустам Ашуров BEVERLee Businees компаниясининг кальций таблеткаси ва дорихоналаримизда сотилаётган кальций таблеткасини солиштириш мақсадида махсус тадқиқот ўтказди.
“Тадқиқотда иккала намунанинг асоси бир хил эканлиги аниқланди. Фақатгина “BEVERLee Businees” компаниясига тегишли кальций намунасида минераллар таркиби бироз кўпроқ экан”, – дейди Ашуров.
“Бу биологик фаол қўшимчани ҳар дардга даво деб талқин этиш мутлақо нотўғри, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармакология қўмитаси раиси ўринбосари, профессор Бахтиёр Шаисломов, – Бундан ташқари, инсон бирор дори-дармон ёки биологик фаол қўшимча истеъмол қилишдан олдин албатта шифокор кўригидан ўтиши лозим. Қолаверса, дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчаларни ойлаб, йиллаб узлуксиз истеъмол қилиш асло мумкин эмас”.
Олимнинг сўзларига кўра, таркибида кальций сақловчи ҳар қандай дори-дармон ёки биологик фаол қўшимчани ҳам ўз билганича ичиш турли хил салбий оқибатларга, хусусан, юрак-қон томир тизими касалликларига мойиллиги бўлган шахсларда юрак ритмининг турли бузилишларига ва ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.
“Шундай экан, касалликларни даволашда сифат ва миқдор жиҳатдан текширувлардан ўтказилган, шу билан бирга, хусусиятлари ҳам тўлиқ ўрганилган кальций сақловчи дори воситаларидан шифокор тавсиясига асосан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда кальций сақловчи жуда кўп самарали дори воситалари рўйхатдан ўтказилган ва дорихоналарда етарли миқдорда мавжуд, нархи ҳам ҳамёнбоп”, – дейди Шаисломов.
1558views0replies
0

Изоҳлар