Излаш
RUUZ

Жамият

ИИВ фирибгарлик жабрланувчиларини рухсат берилмаган чиқишларда иштирок этмасликка чақирди

Тергов департаменти Human бандлик агентлиги раҳбариятига нисбатан олиб борилаётган тергов ишларига изоҳ берди ҳамда фуқароларни миш-мишларга ишонмасликка чақирди.

1520views0replies
0

UzNews.uz

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Human бандлик агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят ишининг айрим тафсилотларини маълум қилди.
"Ҳозирда айрим шахслар ижтимоий тармоқларда Human бандлик агентлиги раҳбари Ш.Ф.га нисбатан жиноят иши бўйича қамоқ билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ва озодликда эканлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилмаётганлигини иддао қилиб, жабрланган фуқароларни ҳукумат идоралари олдида чиқишлар қилишга ундамоқдалар", - дейилади хабарда.
Департаментнинг таъкидлашича, бу каби даъволар асоссиз ва тўғри эмас. Дастлабки тергов давомида, фуқаро Ф.Ш.га нисбатан ЎзР ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми билан айблов эълон қилинган.
Ф.Ш.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирда у ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сонли Тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Бундан ташқари, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплашни таъминлаш мақсадида, Ш.Ф. фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пул маблағлари ҳисобидан харид қилинган мол-мулкларни, шунингдек ўзлаштириб юборилган ва сарфланган пул маблағларини аниқлаб, уларни хатлаш чоралари кўрилмоқда.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
"Шу ўринда ҳурматли фуқаролар, сизлардан расмий ваколатли органлар томонидан тасдиқланмаган турли хил сохта маълумотлар ва ундовларга ишониб қолмаслигингизни сўраймиз, сабаби йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик маъмурий ва жиноий тартибда жазоланади", - дейилади ИИВ ТДнинг хабарида.
1520views0replies
0

Изоҳлар