Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклади

Президент ўз вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига саломатлик ва муваффақият тилаган.

3508views0replies
0

president.uz

Қуйида Ўзбекистон президенти табригининг матнини келтирамиз.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Аввало, инсон соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашдек олижаноб ишга ўз ҳаётини бағишлаган сиз, азизларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан табриклайман.
Биз сизларнинг тимсолингизда халқ саломатлиги йўлида ўз ҳаловатидан кечиб, кунни тунга улаб, фидокорона меҳнат қилаётган шарафли касб эгаларини кўрамиз.
Машҳур юнон табиби Гиппократнинг “Табобат барча илму санъатлар ичида энг буюк илм ва санъатдир”, деган сўзлари машаққатли ва эзгу фаолиятингизга берилган ҳаққоний баҳодир.
Муҳтарам юртдошлар!
Мазкур тармоқда бошлаган ислоҳотларимизни жадал давом эттириш, тиббий хизматнинг сифатини ошириш, соҳага инновациялар ҳамда энг сўнгги янгиликларни жорий этиш энг аввало соҳа мутасаддилари, олим ва шифокорлар, ҳамширалар зиммасига катта масъулият юклайди.
Мажбурий тиббий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги фаолиятини самарали йўлга қўйиш, тиббий таълим ва илм-фанни юқори босқичга кўтариш сингари жуда муҳим вазифалар олдимизда турибди.
Ҳеч шубҳасиз, сидқидилдан ва жонбозлик билан меҳнат қилиб келаётган сиз, фидойи юртдошларимиз бутун салоҳият ва тажрибангиз, куч ва ғайратингизни сафарбар этиб, ана шундай улкан ва масъулиятли вазифаларни шараф билан адо этишга қодирсиз.
Барчамиз бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари – саломатлигимиз посбонларидир. Сизлар ўзингизнинг бой билим ва маҳоратингиз, илғор малака ва кўникма, беғараз хизматингиз, касбингизга меҳр ва садоқатингиз билан халқимизнинг ишончини янада чуқурроқ қозонасиз, деб ишонаман.
Қадрли тиббиёт ходимлари!
Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, улкан зафарлар, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака ёр бўлишини тилайман.
3508views0replies
0

Изоҳлар