Излаш
RUUZ

Сиёсат

Президент раҳбарларнинг тадбиркорларга масъулиятсизлик билан қараб келаётганини танқид қилди

Барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда тадбиркорлар учун бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслигига ҳокимлар шахсан кафолат берадиган мурожаатнома қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.

1497views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Тадбирда тадбиркорларга ерни онлайн аукцион орқали бериш, мулкни рўйхатдан ўтказиш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хорижий тажриба асосида, мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишни такомиллаштириш таклифи билдирилди.
Президентимиз ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди.
“Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди”, –дейилади мазкур хабарда.
Шунинг учун, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.
Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.
Бундан ташқари, ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда юриб, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиши кераклиги таъкидланди.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, тижорат банклари ва бошқа ваколатли идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги жойларда ҳали сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Соҳадаги барча масалалар ҳокимликлар, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва банкларнинг ўзаро ҳамкорлигида ечилиши зарурлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари жойларда тадбиркорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қувватларини яратишга кучли туртки бериш кераклигини таъкидлади. Шунинг учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги раҳбарлари бошчилигида жойларда саноат ва хизматларни ривожлантириш бўйича доимий ишчи гуруҳлар ташкил қилинди ва уларга тармоқлар бириктирилди.
Ушбу тузилмаларга тармоқлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар салоҳиятини ўрганиб, 2020 йилда янги қувватлар ташкил этиш, инфратузилма ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда республика бўйича қарийб 1,5 мингта давлат мулки ва давлат улуши мавжуд объектларини сотиш ҳамда 70 мингта тадбиркор фаолиятини тиклаш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат божхона қўмитасига келгуси йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операциялари учун зарур рухсатнома ва сертификатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда олинишини йўлга қўйиш топширилди.
Шу нуқтаи назардан видеоселектор йиғилишида Солиқ қўмитасига ноябрь-декабрь ойларида салоҳиятига нисбатан солиқ тушумлари етарли бўлмаган қатор туман ва шаҳарларда солиқларни тўлиқ ундириш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилди.
Шунингдек, замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, яширин фаолият юритиш орқали солиқдан қочишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бинобарин, барча соҳаларда “хуфиёна иқтисодиёт” кўламларини кескин қисқартириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиб, ижроси таъминланади.
Маълумки, давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлашда аҳоли ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун олинган тўловлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
2020 йилдан бошлаб маҳаллий бюджетни шакллантириш тартиби тубдан ўзгаради, ҳудудлар ўз сарф-харажатларини мустақил равишда ҳал қилади. Шу муносабат билан, энди ҳокимлар маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш учун кўпроқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этиши, солиқларни мустақил равишда йиғиши ва бу борадаги масъулиятини кучайтириши керак бўлади.
1497views0replies
0

Изоҳлар