Аввал хабар қилганимиздек, икки нафар фуқаро Каримов Р.А. ва Астанов Т.Т. апрель ойининг бошида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида тўполон қилган ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган эди. Эслатиб ўтамиз, уларнинг телефонидан экстремистик материаллар топилган.
Бугун, 18 октябрь куни, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судья Ориф Қличев раислигида юқорида исмлари айтиб ўтилган фуқароларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Суд ҳукмига кўра, Р. Каримов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазой тайинлаш) 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 2019 йил 16 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Р. Каримов тайинланган жазони манзил колонияларида ўтайди.
Т. Астанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди.
Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.