Политика

Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмга ташриф буюрди

Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Денов туманидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди.

Шавкат Мирзиёев Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмга ташриф буюрди
Фото:president.uz

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳарбий қисм 2018 йилдан аралаш ҳарбий қисм таркибида фаолият юритмоқда. Бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар 21 йўналишда мутахассисликлар бўйича тайёрланади.

 

Қисмда ҳарбий хизматчилар учун барча шарт-шароит яратилган: бир вақтнинг ўзида 500 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи амалий ва назарий машғулот ўташ имкони мавжуд 3 қаватли ўқув биноси, 6 та ётоқхона, замонавий спорт мажмуаси, ошхона қурилди. Ўқув биноларидаги компьютер хоналари, электрон кутубхонада ҳарбийларнинг замонавий билим ва илғор кўникмаларни эгаллаши, ўз устида мунтазам ишлаши учун барча имкониятлар яратилган.

Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг оилалари учун жорий йилда қисм ҳудудидаги ҳарбий шаҳарчада 64 хонадонли 4 та кўп қаватли уй ва нодавлат битта мактабгача таълим муассасаси қурилди.

 

Саф майдонида Олий Бош Қўмондонга муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Президент ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналарини кўздан кечирди.

"Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади", – деган Шавкат Мирзиёев.

 

Президент аскар ва офицерларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олиш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Ҳарбий қурилиш тизимини такомиллаштириш, аскарларнинг маънавиятини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ