Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида нутқ сўзлади

15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтди.

1561views0replies
0

president.uz

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
"Туркий Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда ўртамизда нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда", – деган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.
Президент тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратишни устувор вазифа деб қайд этди. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.
Шавкат Мирзиёев шу билан бирга, Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йил Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, “Боку-Тбилиси-Карс” янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Шу қаторда, маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт хазинаси” номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этилишининг муҳимлиги қайд этилди.
Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.
1561views0replies
0

Изоҳлар