Жамият

Энди чет элликлар Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмайдилар

Сенат Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик тартиби ўзгаришига доир Қонун лойиҳасини маъқуллади.

Энди чет элликлар Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмайдилар
Фото:UzNews.uz

Давлат раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришга доир белгилаб берилган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди деб хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

 

“Қонун лойиҳасини тайёрлашда жамоатчилик, туристик компаниялар ва бошқа ташкилотларнинг фикри инобатга олинди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда вақтинча бўлиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тартибига қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг 224 моддаси (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) ўз кучини йўқотиши қарори қабул қилинди”, – дейилади хабарда.

 

Шунингдек, сўнгги уч йил давомида 76 та жиноий иш кўриб чиқилгани маълум қилинмоқда. Шу жумладан, қонунчиликда Ўзбекистонда бўлиш қоидалари ҳамда паспорт тизимини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. 2016-2018 йилларда маъмурий жавобгарликка тортилган 18 026 кишидан 11 997 нафари хорижий фуқаролардир.

 

Бундан ташқари, маъмурий жазо чоралари жарима миқдорини сезиларли даражада пасайтириш шаклида яхшиланди. Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Республикадан чиқариб юбориш бўйича жавобгарлик либераллаштирилди. Энди Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини биринчи маротаба бузганлик учун Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи бир йил муддатга чекланади, такрор содир этилган тақдирда эса уч йил муддатга чеклаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилади.

 

18 ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди.

 

Эслатиб ўтамиз, ЖКнинг 224-моддаси чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги, агар шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини кўзда тутади.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ