Ҳодисалар

Тошкентда аёл ўз эрини дазмол сими билан бўғиб ўлдирди

Бош прокуратура ёш рафиқасининг қўлида вафот этган Universal банки ходимининг ўлимига изоҳ берди.

Тошкентда аёл ўз эрини дазмол сими билан бўғиб ўлдирди
Фото:UzNews.uz

Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг “Камолон” маҳалласида бир йигит рафиқаси томонидан ўзаро жанжал сабаб бўғиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотларига кўра, 5 октябрь куни соат тахминан 04:30 ларда Шайхонтоҳур туманида жойлашган уйларнинг бирида ўлган эркакнинг жасади топилган. Кейинроқ маълум бўлишича, у ХАТБ “Universal Bank” Тошкент филиали бўлим бошлиғи бўлиб ишлаб келган.

 

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан буғилишидан келиб чиққан механик асфикция натижасида юз берганлиги аниқланган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзидаёқ Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

 

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, К.А. турмуш ўртоғи А.А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши О.Х. билан жиноий тил бириктирган. Мудҳиш жиноятнинг режасига кўра, О.Х. 4 октябрь куни соат 19:00ларда поччаси А.А.нинг яшаш уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб олади ва К.А. билан унинг турмуш ўртоғи А.А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутиб ўтиради. Сўнгра 5 октябрга ўтар кечаси соат 00:30ларда О.Х. ётоқхонага кириб, А.А. уйғоқ бўлганлиги сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарбалар бериб, олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлайди.

 

Натижада, А.А. ўзига нисбатан бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтида К.А. ўз турмуш ўртоғининг юз қисмига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, А.А.ни қасддан ўлдиришга кўмаклашган.

 

Кейин эса О.Х. хонадонда бўлган марҳум А.А.га тегишли 2 та уяли телефон аппаратлари, 500 АҚШ доллари ва 110.000 сўм пулларини ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги К.А.га тегишли 1 дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларини қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. К.А. эса жинояти фош этилишининг олдини олиш ва жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.

 

Тергов давомида О.Х.нинг яшаш хонадонида ўтказилган тинтув натижасида А.А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

 

7 октябрь куни мазкур жиноят иши бўйича О.Х. ва К.А.лар айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан айблов эълон қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ” жазоси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ