Сиёсат

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди — фото

Президент Афғонистон, Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония ҳамда Франция элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди — фото
Фото:president.uz

Бугун, 20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон, Буюк Британия, Япония ҳамда Франциянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Аҳмад Ҳолид Элмий, Сантош Жа, Тимоти Торлот, Ёшинори Фужияма ва Изабель Сервоз-Галлуччидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

 

Давлатимиз раҳбари элчиларни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади.

 

Президент ўз сўзида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига тўхталиб ўтди.

 

Афғонистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Икки мамлакат ўртасида олий даражадаги мулоқот фаоллашгани ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, энергетика, транспорт, логистика ва коммуникациялар, таълим соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта салоҳиятга эга бўлган ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга кучли суръат бағишлади.

 

Давлатимиз раҳбари 2018 йил октябрда Ҳиндистонга амалга оширилган давлат ташрифи ва жорий йил январь ойида “Жўшқин Гужарат-2019” саммити доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар натижасида янги амалий мазмун билан бойиган Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклигида юксак даражага эришилганини юқори баҳолади.

Президентимиз Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ҳамкорлик турли даражаларда салмоқли фаоллашганини мамнуният билан қайд этди.

Нефть-газ ва кимё саноати, геология-қидирув, молия, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Таълим соҳасида, жумладан, диёримиз пойтахти ва ҳудудларида Кембриж университети иштирокида Президент мактабларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик юксак баҳоланди.

 

Ўзбекистон Япония билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга муҳим аҳамият қаратмоқда.

Энергетика, геология-қидирув, автомобиль саноати, транспорт, телекоммуникациялар, инфратузилмани модернизация қилиш, фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда Япония компания ва банклари билан кооперация суръати ортиб бораётгани таъкидланди.

 

Жорий йил декабрь ойида Японияда бўлиб ўтадиган олий даражадаги учрашув ва музокаралар кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

 

Давлатимиз раҳбари 2018 йил октябрь ойида Францияга амалга оширилган расмий ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Франция шериклигига сифат жиҳатидан янги мазмун бағишлаганини мамнуният билан қайд этди.

Геология-қидирув, қуёш энергетикаси, коммунал хўжалик, туризм ва бошқа тармоқларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Маданият ва санъат, фан ва техника, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

 

Маросим сўнгида Президент Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчилар фаол дипломатик саъй-ҳаракатлари билан давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.

 

Ўз навбатида, дипломатик миссиялар раҳбарлари Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида давлатлараро муносабатларни изчил ва самарали ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ