Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Осиё футбол конфедерацияси раҳбарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти 16 сентябрь куни Осиё футбол конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифани қабул қилди.

1279views0replies
0

president.uz

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ОФК ўртасидаги самарали шериклик мамлакатимизда футболни оммалаштириш ва ёшларни ушбу спорт турига кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилгани ва изчил ривожланиб бораётганини алоҳида қайд этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Осиё футбол конфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ташкил этиш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Конфедерация Ўзбекистонда халқаро даражадаги футбол инфратузилмасини яратиш, услубий таъминот, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, юқори малакали мутахассислар, мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлашда кўмагини давом эттириши муҳим экани таъкидланди.
Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда оммавий спортни тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган сиёсатни, жумладан, футбол ривожи қўллаб-қувватланаётганини юксак баҳолади.
Конфедерация раҳбари Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришда қатъий экани ҳамда амалий ҳамкорликка қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.
1279views0replies
0

Изоҳлар