Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилишини фақат президент бекор қила олади

Шавкат Мирзиёев “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

1199views0replies
0

Росатом матбуот хизмати

Қонунга мувофиқ, ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.
Атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг хавфсизлик даражаси пасайишига, атроф-муҳит ҳолатининг ёмонлашувига ёки бошқа салбий оқибатларга сабаб бўлувчи қўшимча омиллар аниқланган тақдирда, ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тўғрисидаги қарор ушбу объектларнинг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза хулосалари асосида бекор қилиниши, уларнинг барпо этилиши эса, тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши керак.
Ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини барпо этиш тугатилганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги билан боғлиқ зарарларнинг ўрни ушбу омиллар қайси юридик шахсларнинг айби туфайли ўз вақтида аниқланмаган ҳамда ҳисобга олинмаган бўлса, ўша шахслар ҳисобидан суд тартибида қопланиши лозим. Барча бошқа ҳолларда мазкур объектларни барпо этиш тугатилганлиги ёки тўхтатиб турилганлиги билан боғлиқ зарарларнинг ўрни Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши лозим.
Шунингдек, мазкур Қонунга кўра, атом энергиясидан фойдаланиш объектлари давлат мулкида ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган юридик шахслар мулкида бўлиши мумкин. Ушбу рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги атом энергетикаси соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органи бўлиб, атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси атом энергиясидан фойдаланиш хавфсизлигини давлат томонидан тартибга солувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.
Қонунга мувофиқ, фуқаролар ядровий қурилмаларнинг хавфсизлиги тўғрисида тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотлардан ахборот сўраш ва олиш, танишиш мақсадида ядровий қурилмаларга белгиланган тартибда ташриф буюриш ҳуқуқига эгалар.
Шунингдек мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат илгари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетилган радиоактив чиқиндилар ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғидан олинган қайта ишлаш маҳсулотларини олиб киришга йўл қўйилиши белгиланган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
1199views0replies
0

Изоҳлар