Жамият

Президент: бизнинг вазифамиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш

Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент: бизнинг вазифамиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш
Фото:president.uz

Йиғилиш давомида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эгалиги, бозорларимиз тўкин, халқимиз ризқи мўл-кўл бўлишидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар шу йўналиш билан боғлиқлиги ҳақида айтиб ўтилди деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

 

Жорий йилнинг ўзида 25 минг гектар пахта майдонларида сув тежовчи янги суғориш тизими жорий қилинди. Фойдаланишдан чиққан 1 миллион 100 минг гектар ерни қайта ишга киритиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар бошланди.

 

“Буларнинг барчаси яхши натижа, лекин бу – ислоҳотларнинг биринчи босқичи” – деди Президент.

 

Президентимиз фақат бугунни эмас, балки эртанги кунни ҳам ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтариш вазифасини қўймоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган революцион стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу иқтисодиётимизнинг асосий ўсиш нуқтаси, “драйвери” бўлади. Минг-минглаб иш ўринлари яратилади, одамларнинг даромади оширилади.

 

Бундан ташқари, Президентимиз қонунчиликни бутунлай янгилаб, ер ажратишнинг шаффоф тизими ва ерга бўлган ҳуқуқнинг кафолатланишини, ернинг дахлсизлигини таъминлаш, ерга бўлган муносабатни ҳуқуқий оборотга киритиш зарурлигини таъкидлади.

 

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сувдан тўғри фойдаланиш ҳам жуда муҳим масала. Таҳлилларга кўра, юртимизда экин майдонларига миллиардлаб куб метр сув йўналтирилса-да, унинг фақат 60 фоизи экинларга етиб боради, қолгани эса суғориш тизимларида ва суғориш жараёнида йўқотилади.

 

Жаҳон сув ресурслари институти тахминларига кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекистон сув ўта танқис бўлган 33 мамлакат қаторига кириши мумкин.

 

Шу боис Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва унинг ҳисобини юритиш, ҳар йили 200 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиб бориш зарурлигини таъкидлади.

 

Йиғилишда қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинар экан, бюджет маблағларининг асосий қисмини ерларнинг унумдорлигини ошириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, илм-фанни ривожлантиришга сарфлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Масалан, Туркияда 1 гектар ердан 2 минг долларлик, Мисрда 8 минг долларлик, Исроилда 12 минг долларлик маҳсулот етиштирилади. Юртимизда эса бу кўрсаткич 300 доллардан ошмаяпти. Доим ягона стандартдаги товар етказиб бериш йўлга қўйилмагани сабабли маҳсулотларимиз ташқи бозорда рақобатлаша олмаяпти.

 

Йиғилишда мутасаддиларга маҳсулотларни Европа Иттифоқи, Шарқий Осиё ва араб мамлакатлари стандартлари асосида сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ