Жамият

АОКА “Озодлик” радиосини Комил Алламжоновга қарши ахборот кампанияларини тарқатишда айбламоқда

Хабар қилинишича, “Озодлик” радиоси 48 та сохта аккаунт ёрдамида АОКА раҳбариятига қарши қасддан салбий ахборот кампанияларини тарқатган.

АОКА “Озодлик” радиосини Комил Алламжоновга қарши ахборот кампанияларини тарқатишда айбламоқда
Фото:Видеодан олинган кадр / UzNews.uz

Шу кунларда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов блогер Кирилл Алтман билан бўлган муфассал интервьюсида оммавий ахборот воситалари ва жамият ривожланишига оид кўплаб долзарб саволларга жавоб қайтарди. Ушбу интервью медиа майдонда катта резонансларга сабаб бўлди ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

 

Жумладан, жорий йилнинг 9-10 август кунлари “Озодлик” радиоси “Facebook” ижтимоий тармоғи ўзбек сегментида интервьюдан ажратиб олинган парча асосида тайёрланган материалларни фаол тарқатди, кейинчалик шу хабарлар сарлавҳаси жузъий ўзгартирилган ҳолда Kun.uz нашрининг рус тилидаги талқинида эълон қилинди. Мазкур материалларда Комил Алламжоновнинг инсон дунёқараши ўзгариши ва борлиқни англаши – иқтисодиёт ривожланиши билан боғлиқ экани ҳақидаги мулоҳазалари баён қилинган, деб хабар қилмоқда АОКА матбуот хизмати.

 

“Озодлик” радиоси бошқа ОАВдан фарқли равишда, Комил Алламжоновнинг ушбу иқтибосини нутқи ва яхлит контекс ичидан ажратиб олиб, унга атайин салбий тус берган, шу орқали ўзининг асл мақсади АОКА раҳбарини қоралаш ва обрўсизлантириш эканини билдириб қўйган. Натижада икки кун ичида ушбу материал жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинган ва ушбу пост остида 730дан ортиқ изоҳ қолдирилган. Уларнинг 500 га яқини Комил Алламжонов шахси ва фаолиятини камситувчи характерга эга.

 

Бироқ агар ҳар қандай фойдаланувчи бу изоҳларнинг мазмунини оддийгина таҳлил қилса, аксарият изоҳлар шахсий маълумоти ва сурати бўлмаган 48 та сохта профилдан қолдирилганини кўриши мумкин (қуйида илова қилинган). Хусусан, энг фаол сохта профиллар  – “Ивап Свирав”, “Ғиждувон Бухоро”, “Miniyozov Farxod” ва бошқалар.

 

Таҳллиларга кўра, шундай сохта профиллар воситасида ахборот кампанияси қўлланган бўлиб, бундан мақсад – К.Алламжонов фақат ўз бойлигини кўпайтиришдан манфаатдор эканлиги ва Ўзбекистондаги бошқа кўплаб амалдорлар каби унинг ҳам халқ билан иши йўқлиги ҳақида жамоатчилик орасида фикр пайдо қилиш ва бўрттириш бўлган. Шунингдек, у коррупцияда айбланган, АОКА директори лавозимидан истеъфога чиқиши зарурлиги ҳақида турли даъватлар билдирилган.

 

“Ушбу вазият ёлғон ахборотларни тарқатиш учун сохта профилларни жалб қилиш дунё миқёсида ҳақиқий хавфга айланганини яна бир бор яққол кўрсатмоқда. Бу эса уларга нисбатан чора кўришни талаб этади, – дейди АОКА, – Сохта аккаунтларнинг бундай фаоллиги Ўзбекистон медиа майдонида ҳам кузатилмоқда, бунда муайян шахслар доирасининг манфаатлари йўлида сохта аккаунтлардан фойдаланиш тобора ортиб бормоқда”.

 

Шу муносабат билан бугунги кунда Агентлик томонидан IP-маълумотларни аниқлаш учун сохта аккаунтларни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, кейинчалик улар тегишли идораларга қонуний чора кўриш мақсадида тақдим этилади.

 

“Биз “Озодлик” радиоси ахборот билан ишлашда ғирром усулларни қўллаши ҳамда журналистик фаолият ва этика тамойилларини бузишда давом этаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ушбу ОАВ раҳбарияти ҳозирга қадар АОКАнинг аввал юборган расмий мурожаатларига жавоб қайтармади”, – дейилмоқда Агентликда.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ