Излаш
RUUZ

Жамият

ДХХ 1 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги дори воситалари контрабандасига чек қўйди

Махсус хизмат ходимлари томонидан 1 млрд сўмдан ортиқ миқдордаги дори воситаларини Тошкентга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган одам қўлга олинди.

1831views0replies
0

ЎзА

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимларининг Чегара қўшинлари ҳарбий ҳизматчилари ва Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбири давомида Қирғизистондан мамлакатимизга катта миқдордаги дори воситаларининг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олинди. Бу ҳақида ЎзА миллий ахборот агентлиги хабар қилмоқда.
Уйчи тумани Янгиер аҳоли пунктида ўтказилган тадбир давомида Наманган шаҳри томон ҳаракатланаётган Уйчи тумани “Озод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, муқаддам судланган, 1986 йилда туғилган М.У. бошқарувида бўлган “Lacetti” русумли автомобиль тўхтатилди.
Автомашина кўздан кечирилганда унинг салонида катта миқдорда дори воситалари борлиги аниқланди.
Дастлабки суриштирув ишлари натижасида қўлга олинган шахсдан сертификатланмаган дори воситалари мевали боғ ҳудудида сақланганлиги ҳақида маълумот олинди ва кўрсатилган манзил кўздан кечирилди.
Тезкор тадбир жараёнида автомобилдан 48 та қутига жойлаштирилган 54 номдаги, мевали боғ ҳудудидан эса 102 та қутига жойлаштирилган 93 номдаги дори воситалари мусодара қилинди.
Мусодара қилинган "Снуп", "Просульпин", "Цефозалин", "Тромбопол", "Дексомет" каби 147 номдаги дори воситаларининг умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ суммани ташкил этади. Аниқланишича, ушбу препаратлар Тошкент шаҳрига олиб бориб сотилиши керак бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, ушбу ишга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда.
1831views0replies
0

Изоҳлар