Излаш
RUUZ

Жамият

АОКА раҳбари Комил Алламжонов «снос»лар ҳақида фикрини билдирди

Унинг айтишича, муаммоларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, давлат идоралари обрўсига жиддий зарар етиши мумкин.

1292views0replies
0

Комил Алламжонов/Facebook

Бош вазир Абдулла Арипов ОАВ ва ахборот хизматлари аҳволи бўйича кеча ўтказган видеоселекторда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов «снос»лар ҳақида фикр билдирди:
«”Снос”лар — аслида ўта эҳтиёткорлик билан қилиниши керак бўлган ишлар эди. Президентнинг “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби бунёдкорлик лойиҳаларининг мақсади бузғунчилик эмас, балки бунёдкорлик. Расво аҳволни тузатиш. Одамларни хурсанд қилиш. Лекин, Тошкент шаҳридаги, куни кеча Хоразм, Кашқадарё вилоятларидаги “снос”лар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши оқибатида матбуотни жунбушга келтирди.
Натижада халқимизда тушкунлик, норозилик кайфияти кучайиб бормоқда ва энг ачинарлиси, ушбу ҳолатлар бугунги ислоҳотларни обрўсизлантиришга сабаб бўлмокда. Ўз вақтида, зудлик билан кўрилмаган чоралар масалани баттар газак олдириб юборяпти.
Балки авваллари ҳам вилоятларда шундай ишлар бўлгандир, лекин интернет бўлмаган, ҳеч ким буни билмаган ва одамлар ўзининг ёғига қоврилиб юраверган. Ҳозир интернет асрида, агар 20 миллион телефон фойдаланувчиси бўлса, уларнинг ҳар бири блогер, уларнинг ҳар бири матбуот учун кўмакчи. Беркитиб юрадиган замонлар ўтди энди. Хоҳласак ҳам бундай бўлмайди. Энг чекка қишлоқдаги воқеалар ҳам тез тарқалади.
Муаммоларга ўз вақтида ҳокимлар, вазирлар эътибор қаратмаса, масала дарҳол матбуотга чиқиб кетяпти. Энг ачинарлиси, одамларимиз хорижий матбуот орқали муаммони ҳал қилишга ўрганяпти. Бу орқали бизга дўст бўлмаган матбуотни ўз қўлларимиз билан ривожланишига, уларга Ўзбекистонни обрўсизлантириш учун ажратилган маблағларини ортиғи билан оқлаб бераётганимизни тушунишимиз керак. Ўзимизда матбуот ривожланса, ўзимиз зудлик билан масалага жавоб берсак, чет эл оммавий ахборот воситасининг кераги ҳам бўлмайди.
Агар бу йўналишда кандайдир жиддий регламент ишлаб чиқилмаса, бу кетишда оқибати ёмон бўлиши мумкин. Одамлар дардига зудлик билан матбуотда тушунтириш берилмас экан, матбуот билан мустаҳкам ишланмас экан, барча ҳаракатларимиз бир пул бўлиши, давлат идоралари обрўсига жиддий зарар етиши мумкин».
1292views0replies
0

Изоҳлар