Излаш
RUUZ

Жамият

"Халқ банки"нинг етакчи мутахассиси 161 нафар мижознинг карталаридан 27 млндан ошиқ пулларни ечиб олди

Банк ходими ўз мижозларининг ҳисобларига кириш имконига эга бўлган ҳолда, «Click» тизими орқали фуқароларнинг пластик карталаридан пулларни ўғирлаган.

1812views0replies
0

Иллюстрация/UzNews.uz

2019 йилнинг 16 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Навбаҳор туман суди томонидан АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиали ходими С. Олимовга (исм-шарифлар ўзгартирилган) нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири.
Маълум бўлишича, С. Олимов АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиали пластик карточкалар тизимини ривожлантириш шўъбаси етакчи мутахассиси вазифасида ишлаган. У хизмат мавқеидан фойдаланиб, ўзига тегишли логин ва пароль орқали ўзгаларнинг ҳисобларига давомли равишда рухсатсиз кириб турган.
2016 йил 18 сентябрдан 2016 йил 14 октябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида, банк мижози бўлган 28 нафар фуқаронинг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган 1,4 млн сўм пул маблағларини, уларнинг номига бошқа пластик карта бириктириш йўли билан ечиб олган.
2016 йил 27 ноябрдан 2018 йил 24 январь кунига қадар ўзига тегишли бўлган телефон рақамига уланган «Click» тўлов тизими орқали, банк мижози бўлган 80 нафар фуқаронинг пластик карталаридан 14 млн сўмдан ошиқ пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказиб олган.
2016 йил 30 сентябрдан 2018 йил 1 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида, 53 нафар банк мижозининг пластик карталарида узоқ муддатдан буён ҳаракатсиз қолдиқда турган 11,800 млн сўм пул маблағларини ўзининг ихтиёрида турган фуқароларнинг номига очилган янги пластик карталарига ўтказган. С. Олимова жами 161 нафар шахсларнинг 27,4 млн сўм миқдордаги пул маблағларини компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Суд томонидан АТ "Халқ банки"нинг Хатирчи филиалининг ходими С. Олимов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд унинг фуқароларга етказган 27,4 млн сўм миқдордаги зарарларни тўлиқ қайтарганлигини эътиборга олган.
С. Олимовга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
1812views0replies
0

Изоҳлар