Жамият

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тасдиқланди

Айрим талабгорлар ҳужжатлари тан олиниши учун тест синовидан ўтишлари зарур бўлади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тасдиқланди
Фото:sibdepo.ru

Ҳукумат қарори билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилмоқда.

 

Талабгорлар сўровномага таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат, унинг иловаси ҳамда уларнинг ўзбек тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхасини илова қилишлари зарур бўлади.

 

Синов асосида тан олинадиган ҳужжатлар учун тест синовлари ташкил этилади ва бу ҳақида 10 кун олдин таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг сайтида эълон қилинади.

 

Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади ва 54 ва ундан кам балл тўплаган талабгорларнинг ҳужжатлари тан олинмайди.

 

Низомга мувофиқ, хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бепул амалга оширилади. Ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълими олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида йиғим ундирилади.

 

Қуйидаги ҳолларда ҳужжатларни тан олиш синовларсиз амалга оширилади:

 

- умумий ўрта ва ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва малака ошириш таълимини олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

 

- Ўзбекистонда бўлинмалари ва қўшма таълим муассасалари мавжуд хорижий таълим муассасаларида ўқиган талабгорларнинг ҳужжатлари;

 

- Халқаро 1000 талик рейтингга кирган олий таълим муассасаларининг ҳужжатлари;

 

- вазирлик ва идоралар йўлланмалари асосида таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

 

- 1992 йил 1 январгача хорижий таълим муассасаларига кирган талабгорларнинг ҳужжатлари;

 

- Олий таълимда сифатни баҳолаш Европа ассоциациясининг аъзолари томонидан аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

 

- АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Япония давлатларида аккредитация қилинган таълим муассасаларида таълим олганларнинг ҳужжатлари;

 

- вазирлик ва идоралар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари;

 

- халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар.

 

Бундан ташқари, 2019 йил 1 сентябрдан хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ