Излаш
RUUZ

Ҳодисалар

Самара вилоятида 68 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилди

Жабрланувчилар “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Ҳозирда ҳодиса тафсилотлари аниқланмоқда.

1386views0replies
0

riamo.ru

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, Самара вилоятида жойлашган “Кошелевский посад” корхонасида ишлайдиган 68 нафар Ўзбекистон фуқароси “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, соғлиққа етказилган зарарнинг даражаси ўртача деб белгиланган.
Корхона раҳбарияти берган маълумотга кўра, уларнинг барчаси қонуний равишда ишлайди ва меҳнат шартномасига эга. Иш берувчи Бош консулхонага Ўзбекистон фуқароларини даволаш билан боғлиқ барча молиявий харажатлар корхона ҳисобидан қопланишини маълум қилган.
Мазкур корхона ва ҳамюртларимиз даволанаётган тиббиёт муассасалари раҳбарияти билан алоқа ўрнатилган ҳамда вазият назоратга олинган.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатадики, Россиянинг Волга бўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ҳамюртларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-967-772-66-00.
1386views0replies
0

Изоҳлар