Жамият

Депутатлар автомобиль ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш таклифи билан чиқишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қуёш нурларидан ҳимояланиш учун автомобиль ойналарини парда билан тўсишга рухсат беришни таклиф қилишди.

Депутатлар автомобиль ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш таклифи билан чиқишди
Фото:Иллюстрация

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Расул Кушербаев, Абдурашид Абдуқодиров, Жамшид Пирматов ва Бекзод Артиков енгил автомобиль салонларида парда ўрнатишни тақиқлаш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш таклифи билан чиқишди, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири.

 

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг очиқ хатини Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.

 

«Автомобиллар ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритилди

 

Айни кунларда жазирама иссиқ туфайли автомобилда ҳаракатланаётган йўловчи ва ҳайдовчиларнинг қуёш нурларидан ҳимояланишга эҳтиёжи ортиб бораётганлигини кўриб турибмиз. Афсуски буни қонуний ва тўловларсиз амалга оширишнинг имконияти яратилмаган.

 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”да Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлардан бир сифатида барча транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлиши белгиланган.

 

Шу билан бирга масаланинг қонуний ечими сифатида жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари, юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз қирқ баравари миқдоридаги тўлов эвазига ички ишлар органлари рухсатномаси асосида ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилган.

 

Мазкур тартибга риоя этилмаган ҳолатларда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан қирқ баравари миқдоригача жарима тўлаш белгиланган.

 

Аҳоли ва жамоатчиликнинг фикри асосида хулоса қилинса, бундай тартиб ва қоидаларнинг амалга тадбиқ этилишида бир қатор ўзига хос хусусиятлар инобатга олинмаган. Жумладан:

 

- мамлакатимиз нисбатан иссиқ об-ҳаво кузатиладиган иқлим минтақасида жойлашганлиги;

 

- иссиқ ва қуёшли кунларда автомобил эгалари ва ундаги йўловчиларнинг иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши ҳуқуқи учун пул тўлашга тўғри келаётганлиги, бунга имконияти бўлмаганларга эса иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши учун қонуний тартиблар мавжуд эмаслиги;

 

- ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат олиш учун белгиланган тўлов миқдори айрим янги автомобил қийматининг 30 фоизидан, ҳаттоки баъзи автомобилларнинг иккиламчи бозордаги нархининг 50 фоизидан ҳам кўпни ташкил этаётганлиги;

 

- аҳоли ўртасида жамиятимизда аҳолининг бой ва камбағал қатламга ажратиб қўйилмоқда, деган тушунча пайдо бўлаётганлиги;

 

- қонун хужжатларида “ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўриш” тушунчасига тушунтириш мавжуд эмаслиги инобатга олинмаган.

 

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўлов эвазига ойнасининг тусини ўзгартиришга рухсат олиб ўзгартирган енгил автотранспорт воситаларини текшириш учун тез-тез тўхтатилаётганлиги ва уларнинг қимматли вақтлари йўқотилаётганлиги ҳам фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

 

Мазкур масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам сайловчилар томонидан шу мазмундаги мурожаатлар кўпайганлиги муаммонинг долзарблигини англатади.

 

Ушбу мурожаатлар бўйича қонун хужжатлари ва йигирмага яқин (Буюк Британия, Польша, Швеция, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳ.к.) хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиб чиқилди.

 

Натижада аввало хавфсизлик масалаларини инобатга олган ҳолда йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун автотранспорт воситаларининг икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга ҳалақит бермаган ҳолда орқа ва ён ойналарига чий парда ёки дарпарда ўрнатилишига ҳеч қандай тўловларсиз рухсат берилиши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.

 

Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан ваколатли давлат органларига амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг тегишли бандига ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга ҳалақит бермаган ҳолда орқа ва ён ойналарига чий парда ёки дарпарда ўрнатишга бепул асосда рухсат беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги таклифлар тақдим этилди.

 

Кўп минг сонли фуқароларимиз мурожаатлари асосида тақдим этилган ушбу таклиф юзасидан масъуллларнинг муносабати натижалари ҳақида тез кунларда албатта маълум қиламиз.

 

Абдурашид Абдуқодиров, Расул Кушербаев, Бекзод Артиков, Жамшид Пирматов

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари».

фикрлар
Зухра Бўриева
18 июл, 05:32
Мени фикрм афтомобил ойналари хакида эмас. Хозирда анчадан буён ташкил этилган давлат хизматлари хакида... мен термезда истикомат киламан ушбу шахримизнинг давлат хизматларига кирсангиз навбат олиб то ишингиз битгунча тушлик булиб кетади... менинг фикрим таклифим биламиз хар бир жойда махалла бор уша давлат хизматларини хеч булмаганда кайдаражада бир кисм ишини махалоани техник базасини ривожлантириб уша ека юклатилса ахоли хам келиб уз махалласидан олиб кетаверади навбат хам уз узидан бартараф этилади
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ