Жамият

МЧЖ раҳбари: суд идоралари томонидан кўрсатиб келинаётган “сериал” ҳақида

Адолат излаётган МЧЖ раҳбари уч йилдан бери суд идоралари томонидан кўрсатиб келинаётган “сериал” ҳақида гапириб берди.

МЧЖ раҳбари: суд идоралари томонидан кўрсатиб келинаётган “сериал” ҳақида
Фото:UzNews.uz

Эътиборингизга таҳририятимизга келиб тушган хатни тақдим этамиз.

 

Матн ўзгартирилмаган ҳолатда тақдим этилмоқда.

 

«Таҳририятга баён этмоқчи бўлган вокеа катта шов-шувга сабаб бўлган 2016 йил 19 сентябрда Тошкент шаҳри Алайский бозори рўпарасида жойлашган 12 қаватли бизнес марказида содир бўлган ёнғиндан бошланган.

 

Ёнғин натижасида шу бизнес марказида фаолият кўрсатиб келган 13та тадбиркорлик субъектларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган, уларнинг фаолияти бир неча ойларга тўхтаб қолди.

 

Жабр кўрганлар орасида энг кўп зарар кўрган ташкилот бизнинг ташкилот бўлди, чунки 12 қаватли бизнес марказ биносининг еттита қавати бизнинг корхонага тегишли бўлган ва барча қаватлар зарар кўрган.

 

Ёнғин фожиаси интернет сайтларида, оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан телевиденияда ҳам бахсларга сабаб бўлди.

 

Жиноят иши кўзғатилди ва жиноят иши якуни бўйича ёнғин бинонинг 10-қаватида жойлашган «Ўзмахсусмонтажкурилиш»   АК мансабдор шахслари айби билан содир бўлганлиги, 13та тадбиркорлик субъектига етказилган зарар миқдори тегишли экспертизалар орқали аниқланиб, уларга жазо тайинланиши ва 14та тадбиркорга етказилган 1,1 млрддан ортиқ зарар ундирилиши масаласини ҳал этиш учун иши судга оширилган.

 

Юнусобод тумани судининг 10.05.2016 йилдаги ҳукми билан айбдор шахсларга жазо белгиланиб, «Ўзмахсусмонтажкурилиш»   АКдан жабр кўрган 14та тадбиркорлик субъектига 1 млрд сўмдан ортиқ етказилган зарар, шу жумладан корхонамизга етказилган 371 млн сўм зарар ундирилиши белгиланди.

 

Лекин, ҳозирга қадар жиноят иши Олий суд ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ва экспертиза идораси томонидан уч йилдан ортиқ муддат бир бирига “футбол” қилинаётганлиги сабабли, жиноят оқибатида жабр кўрганларга зарар ундирилгани йўқ, ундириладиган суммалар эса вақт ўтган сари қадрсизланиб бормоқда, зарарни ундириш эҳтимоли ҳам камайиб бормоқда.

 

Жиноят иши биринчи инстанцияда 1 марта кўрилган бўлса, назоратда 2 марта, апелляцияда эса 3 марта кўрилди!

 

Дастлаб, суднинг ҳукми жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 28 июнь 2016 йилдаги ажрими билан ўзгартирилиб, жабр кўрганларга зарар ундириш чиқариб ташланди!

 

Бу ноҳақликдан норози бўлиб, Олий судга назорат тартибида ва Президент порталига кўплаб шикоятларимиз натижасида, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов хайъатининг 2017 йил 20 апрелдаги ажрими билан апелляция ажрими бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун шу инстанцияга юборилган.

 

Иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар апелляция инстанциясининг 2017 йил 15 сентябрдаги ажрими билан суд ҳукмининг судланувчиларга жазо бериш қисми ўзгартирилиб, жабрланганларга зарар ундириш қисми ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Корхоналаримизга етказилган зарар энди ундирилса керак деган умидимиз Олий суднинг навбатдаги ажрими билан пучга чиқарилди!

 

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов хайъатининг 18.01.2018 йилдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди апелляция инстанциясининг 15.09.2017 йилдаги Аҳмедов Хайдаралига нисбатан чикарган ажрими бекор килиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборилган.

 

Жиноят ишининг апелляция инстанциясида кўрилиши дастлаб 20.02.2018 йилда бошланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар ишнинг кўрилиши тугамаган.

 

Жиноят ишини апелляцияда куриш бўйича қонунда белгиланган барча муддатлар ўтиб кетганлиги, кўришни тезроқ якунлаш оркали жиноят оқибатида корхонамизга етказилган зарарни ундириш чорасини кўриш ҳақида Олий судга ва жиноят ишлари буйича Тошкент шахар судига, Президент порталига бир нечта мурожаатларимиз оқибатсиз қолдирилмоқда.

 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 30.08.2018 йилдаги хатига кўра, 2018 йил 29 майда иш бўйича товаршунослик экспертизаси тайинланган ва уни ўтказиш Х. Сулайманова номидаги суд экспертиза марказига юборилган.

 

“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 12-бандида экспертиза ўтказиш муддати 30 кун этиб белгиланганлигига қарамасдан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 16.11.2018 йилдаги Л/7-сонли хатига кўра, экспертиза хулосаси декабрь ойида олиниши режалаштирилган эди.

 

Лекин, яъна чўзилиб, ниҳоят экспертиза хулосаси фақат 2019 йил февраль ойининг 26 куни судга юборилган.

 

Ишни апелляцияда кўриш 12 март соат 18.00га тайинланди. Экспертиза хулосасида ноаниқликлар бўлганлиги сабабли шу куни иш кўрилмасдан 19 мартга қолдирилди.

 

19 мартдаги суд мажлисида эксперт Б. Рахимджанов сўроқ қилинди, бизнинг вакилимиз эксперт 9 ойда етказилган зарарни фақат умумий суммасини аниқлаганлигини, лекин жабр кўрган 14та шахснинг ҳар бирига қанча зарар кўрганлигини аниқлаб бермаганлигини кўрсатиб, экспертдан ҳар бир фуқаровий даъвогарга кўрган зарарни бўлиб беришга қанча вакт керак эканлигини сўраганида, эксперт 1-2 кун вақт етарли эканлигини билдирди.

 

Шунда вакилимиз суд хайъатига зарар кўрган шахсларнинг ҳар бирига қанча зарар кўрганлигини аниқламасдан ишни якунлаб бўлмаслигини кўрсатди.

 

Лекин, шунга қарамай суд ишни якунлашини кўрсатиб, томонлар музокараси учун иш 26 март 17.00га қолдирилди.

 

26 март куни келганимизда суд вакилимиз фикри тўғрилигини ва экспертиза жабр кўрганларнинг хар бирига етказилган зарар миқдорини аниқлаб бериши учун суд томонидан тегишли сўров юборилишини айтиб бизни қайтариб юборди.

 

15.04.2019 йилда телефон орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди билан боғланганимизда экспертиза хулосани ҳали бермаганлигини билдиришди.

 

Ишни кўриш чўзилиб кетаётганлиги сабабли, 22.04.2019 йилда Президент портали орқали Адлия   вазирлигига экспертиза хулосасини олишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдик.

 

Шундан сўнг, Х. Сулайманова экспертиза марказидан порталга мурожаатимизга 3 май санаси билан суддан ҳеч қандай ҳужжат келмаганлиги ҳақидаги жавобни олдик.

 

Ушбу жавобдан келиб чиқиб, 13 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Шоазизов (маърузачи) билан телефон орқали боғландик.

 

Шунда, Шоазизов бизга Х. Сулайманова экспертизаси эксперти ҳеч қандай ойдинлик киритиб бермаганлиги, қолаверса "Ўзсаноатқурилишбанк"ка назорат ўлчови ўтказиш юзасидан экспертиза тайинланганлигини билдирди. Бизнинг нима сабабдан суд бир йилдан бери экспертизама-экспертиза бизни сарсон қилиб, зараримизни ундириб бермаётганлигини, бир йил давомида ўтказилган экспертиза хулосаси хеч нарсага ярамаса, бундай экспертга суд нимага чора кўрмаётганлиги ҳақидаги эътирозимизга Шоазизов тайинли жавоб бермади.

 

Шундан сўнг, биз судга бориб, суднинг жиноят ишини экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажрим билан юбориш ҳақида "Ўзсаноатқурилишбанк"ка хат нусхасини олдик, экспертиза тайинлаш ҳақида суд ажримини сўрасак, суд ходими ажрим банкда эканлигини, у ерга бориб олишимиз мумкинлигини айтди. Яъни хар доимгидек “отанга бор, онанга бор”.

 

Суднинг банкка берган хати нусхасида кўрсатилишича, экспертиза тайинлаш ҳақида ажрим гўёки 12 апрель куни чиқарилган, банкка 22 апрелда юборилган, банк эса 1 майда олган (хат нусхаси илова қилинади).

 

“Гуёки” деб кўрстишимизни сабаби:

 

А) 12 апрель куни суд мажлиси бўлмаган ва ажрим чиқарилмаган, Жиноят процессуал кодекснинг 466-моддасига кўра экспертиза ими-жимида эмас, балки фақат суд мажлисида тайинланади ва эълон қилинади;

 

Б) Юқорида кўрсатганимиздек 15.04.2019 йилда телефон орқали жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди билан боғланганимизда судья Шоазизов назорат ўлчов бўйича экспертиза тайинланганлигини айтмаган, фақат Х. Сулаймановадан жавоб келмаётганлигини билдирган. Агар экспертиза тайинлаш ҳақида ажрим 12 апрелда чиқарилганда, судья бу ҳақида бизга айтган бўлар эди;

 

В) Агар ажрим 12 апрелда чиқарилган бўлса, нима сабабдан  орадан 10 кун ўтиб хат билан банкка юборилмоқда, банкка эса факат 1 майда, яъни орадан 20 кун ўтиб берилган?

 

Г) Апелляция инстанцияда ишни кўриш 2018 йил февралда бошланган бўлса, бир ярим йилга яқин вақт ўтиб, назорат ўлчови юзасидан экспертиза тайинлаш суд хайъати фикрига энди келдими? Нега бир йилдан ошиқ муддат бу экспертиза тайинланмаган?

 

Ваҳоланки, Олий суд ажрими билан 3та судланувчидан фақат биттасига таалуқли қисми бекор қилиниб, унинг айблилик даражасини қайта кўриб чиқиш белгиланган.

 

 

Лекин, номъалум сабабларга кўра, апелляция инстанция суди жабр кўрган тадбиркорларга етказилган зарар миқдорини шубҳа остига олиб, ушбу зарарни йўққа чиқариш пайига тушган.

 

Биздан ташқари иш бўйича 13та фуқаровий даъвогарлар бор. Етказилган зарар миқдори 1,1 млрд. сўмдан ошиқ!

 

Бу сафар тайинланган экспертиза ҳам мана 3 ой бўлдики бошлангани йўқ!

 

Суд ва экспертизанинг мақсади бизга тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Жиноят ишини қонунда белгиланган муддатларни бузиб чўзишдан уларга нима наф?

 

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьялари томонидан қонунлар талаблари оёқ ости қилинаётганлиги ҳақида шикоятларимиз Олий суд томонидан қонунга хилоф равишда Тошкент шаҳар судига юборилмоқда.

 

Олий ва Тошкент шаҳар суди учун жиноят натижасида жабрланганларнинг манфаати ва дарди бир тийинми? Улар фақат жиноятчиларни ўйлайдими?

 

Балки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ва Жиноят-процессуал кодексининг талабларини бузиб келаётган айрим суд ходимлари учун ҳуқуқбузарликларни (жиноятларни) содир этган шахслар, бу шахслардан жабр кўрган, қонунни ҳурмат қиладиган фуқароларимиздан яқинрок бўлса керак.

 

Балки, жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш муддатлари ўтишини кутишаётгандир?

 

Шу кунлари оммавий ахборот воситалари орқали чоп этилган Мирзо Улуғбек туман прокуратурасининг терговчиси чет эл инвесторини маблағларини талон-тарож қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва жиноят иши қўзғатиш учун ушбу чет эл инвесторидан 47 минг (!) АҚШ доллари талаб қилиб олганлиги учун 15 йил озодликдан маҳрум этилганлиги ҳалк орасида катта муҳокамага сабаб бўлди.

 

Ўз ҳуқуқларини тиклаш учун, яккол жиноят иши бўйича айбдорларга нисбатан чора кўриш учун шу чет эл инвесторини терговчига пора беришга нима мажбур қилганлигини бизнинг мисолимизда энди тушуниб бормоқдамиз.

 

У ҳам биз каби адолат  истаб, жиноятчиларга чора кўришни, зарарни ундиришни сўраб прокуратура идораларига (бизнинг мисолда судга) қатнайвериб чарчаган ва терговчини таъмагирлигига рози бўлган бўлса керак!

 

Юқоридагиларга кўра, жиноятдан жабр кўрган ташкилотимиз ва бошқа жабрланганларнинг ҳуқуқлари суд идоралари томонидан паймол қилиниб келишига ўз журналистик муносабатингизни билдиришни сўраймиз». 

 

«Монтажқурилиш хизмат»

МЧЖ директори А.А.Махмудов

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ