Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахслар аниқланди

ЎФА футбол клуби мураббийини бир умрга футболга алоқадор барча фаолиятдан четлаштирди. Бошқа бир жамоа раҳбари эса 1 йилга футболдан четлаштирилиб, 20 млн сўм жаримага тортилди.

4043views0replies
0

ЎФА

Ўзбекистон футбол ассоциациясида “Зарангари” футбол клуби раҳбари Фурқат Тоиров тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этиш ҳолати бўйича текширув ўтказиш учун ЎзПФЛга мурожаат қилди, деб хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати.
Хатда “Зарангари” футбол клубининг беш нафар футболчиси келишилган ўйинларда гумон қилинаётгани айтилган бўлиб, уларнинг исм-шарифлари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Кейинроқ маълум бўлишича, клуб раҳбариятининг ўзи ноҳалол футболга йўл очиб берган ва бу ишга унамаган футболчиларни туҳмат тариқасида жамоадан четлаштириш чорасини кўрмоқчи бўлган.
Фурқат Тоировнинг ўзи “Зарангари”да молиявий муаммолар борлигини рўкач қилиб, жамоанинг барча ишларига эндиликда Шерзод Сатторов жавобгар бўлишини футболчиларга расман маълум қилган (Шерзод Сатторов ЎзПФЛ рўйхатидан “Иттифоқ-Бухоро” футбол клуби бош мураббийи сифатида ўтган). “Зарангари” футболчилари Ф.Тоировдан ҳозирги кунгача бўлган молиявий ҳисоб-китобни қилишини талаб қилишган. Мана шу масалада муаммо келиб чиққан.
Кейинчалик Ш.Сатторов барча масалани ўзи ҳал қилишини, керак бўлса трансфер ойнаси очилмаёқ янги футболчиларни жамоага олиб келишга кучи етиши ҳақида айтган. Ойликдан ташқари пул ишлаш ниятида бўлган футболчилар унинг кўрсатмаси билан тотализаторда иштирок этишлари кераклигини уқтирмоқчи бўлган.
Маълум бўлишича, Ш.Сатторов ҳамда Ф.Тоиров режасига унамаган футболчиларни ЎзПФЛ орқали гумонлантирилиб, улардан халос бўлишни истаган. Раҳбарлардан фарқли ўлароқ, футболчилар алоҳида-алоҳида суҳбатдан ўтказилганда, уларнинг фикрлари асосли бўлиб, жамоа аъзолари фактлар асосида кўрсатма берганлар.
Шунингдек, мавжуд аудиоёзувга кўра, Ш.Сатторов ЎФА ва ЎзПФЛнинг айрим ходимларини ҳақорат қилиб, туҳмат қилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси “Иттифоқ-Бухоро” жамоаси бош мураббийи Шерзод Сатторовнинг қилмишлари кечириб бўлмас, деб ҳисоблади ва уни бир умрга футболга алоқадор барча фаолиятдан четлаштирди.
ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ қўмитаси “Зарангари” футбол клуби раҳбари Фурқат Тоировни 1 йилга футболдан четлаштирди ва 20 миллион сўм жарима жазоси қўллади. Кейинги текширувлар жараёнида унинг ҳам келишилган ўйинларга алоқадорлиги аниқланса, жазо ўзгартирилади.
4043views0replies
0

Изоҳлар