Излаш
RUUZ

Жамият

Саид-Абдулазиз Юсуповнинг онаси ўғли тергов жараёнида қийноққа солинаётганлигини айтди

Бош прокуратура Саид-Абдулазиз Юсупов тергов жараёнида гўёки жисмоний қийноққа солинаётганлиги ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

16090views0replies
0

xabar.uz

Жорий йилнинг 7 июнь куни айбланувчи С.Юсуповнинг онаси Ж.Бакаева Бош прокуратура раҳбарияти қабулида бўлиб, тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганлиги ҳақида мурожаат қилган ва ўғлини унинг ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.
8 июнь куни Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д.Рахматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилганда, унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади.
С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 май куни Юсупов Саид-Абдулазиз Камолиддинович Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
12 майда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали томонидан ўтказилган 16.05.2019 йилдаги хулосасида, С.Юсуповда қон-томир касаллиги аниқланган бўлсада, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.
16090views0replies
0

Изоҳлар