Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Бугун, 31 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Грузия, АҚШ ва Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчилари этиб тайинланган Зураб Абдушелишвили, Дэниел Розенблюм ва Кан Чжэ Квондан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

1617views0replies
0

president.uz

Давлатимиз раҳбари элчиларни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклаб, уларга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада муваффақиятлар тилади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган фаол ташқи сиёсат олиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, "йўл хариталари" асосида нуфузли халқаро ташкилотлар ва минтақавий тузилмалар билан узоқ муддатли шериклик алоқалари кенгаймоқда.
Президент ўз нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда парламентлараро алоқалар ҳам фаоллашди.
Грузия билан товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, транспорт, логистика ва туризм соҳаларида кооперацияни кучайтиришга қаратилган аниқ лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг дўстлик ва ҳар томонлама ҳамкорлик руҳидаги икки томонлама муносабатларида юксак даражага эришилганини юқори баҳолади.
Бугун барча даражалардаги мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани кузатилмоқда. АҚШ савдо вазири Уилбур Росс, конгрессменлар Трент Келли ва Висенте Гонсалес, Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант ва бошқалар бошчилигидаги юқори даражадаги делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифлари самарали бўлгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Корея Республикаси билан муносабатларда алоҳида стратегик шерикликка эришилганини катта мамнуният билан қайд этди.
Президентимиз янги тайинланган элчилар фаол дипломатик фаолияти билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар, шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишларига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, Фавқулодда ва мухтор элчилар давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун яна бир бор миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида самарали давлатлараро муносабатларни изчил ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этдилар.
1617views0replies
0

Изоҳлар