Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкентда МГИМО филиали қачон очилади ва у ерда кимлар тайёрланади

Биз ушбу мақоламизда Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг илк хорижий филиали фаолиятига алоқадор саволларга жавоб тўпладик.

2433views0replies
0

Анвар Ильясов/«Дунё» AA

Тошкентда жорий йилнинг сентябрь ойидан Москва давлат халқаро муносабатлар институти ўз фаолиятини бошлайди.
Мазкур институт фаолиятини ташкиллаштириш бўйича чоралар Ўзбекистон Президентининг жорий йил 11 февралдаги қарорида назарда тутилган.
МГИМОнинг Тошкентдаги филиалида ўқиш қачон бошланади?
Филиалда бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олиш 2019/2020 ўқув йилидан бошланади. Ўқитувчилар жамоасини тузиш, муассасани таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини 2019 йилнинг 1 августига қадар якунлаш режалаштирилган.
Филиалда қайси йўналишлар бўлади ва улар неча йил ўқитилади?
Бакалавриат босқичи 4 йилдан иборат бўлиб, битта йўналиш – бизнес-информатика бўйича олиб борилади. Бу йўналиш ўзида стратегик режалаштириш, бизнес жараёнларни ташкиллаштириш ва турли хил ташкилотлар IT-инфратузилмасини бирлаштиради.
Магистратурада эса қуйидаги йўналишлар бўйича икки йиллик таълим назарда тутилган:
•  Ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилиш ва прогнозлаш;
•  Халқаро хусусий, фуқаролик ҳуқуқлари ва арбитраж;
•  Халқаро савдо ва молиявий ҳуқуқ;
•  Халқаро ташкилотлар ва маданиятлар ўртасидаги коммуникацияларга таржимонларни тайёрлаш.
Таълим жараёни қайси тилда олиб борилади?
Ўқиш бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Шунингдек, қўшимча хорижий тилни ҳам ўргатиш мўлжалланмоқда.
Қабул қилиш жараёни қандай тарзда амалга оширилади?
Абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациялаш бош муассасанинг Ўзбекистон ТИВ ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан маъқулланган талаб, тартиб ва муддатлари асосида амалга оширилади.
Ўқишни тамомлаган битирувчилар қандай ҳужжат олади?
Ўқиш якунида битирувчилар Москва давлат халқаро муносабатлар институти дипломини олишади ва бу Ўзбекистонда ҳам таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади.
Филиал қаерда жойлашади?
Филиал жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети яқинида қуйидаги манзилда жойлашади: Тошкент шаҳри, Мирзо-Улуғбек тумани, Мирзо-Улуғбек кўчаси, 47-уй.
2433views0replies
0

Изоҳлар