Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилишини танқид қилди

Бугун, 13 май куни Президент хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

4025views0replies
0

president.uz

Йиғилишда хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳалар бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати жуда сустлиги, улкан молиявий имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Шу билан бирга, иш ўринлари яратиб, халққа фойда келтирадиган, иқтисодий самарадор янги лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.
"Инвестиция иқтисодиёт ривожи, халқимиз ҳаёт сифати ва фаровонлигини таъминлайдиган асосий манбалардан биридир. Ривожланган давлатлар билан муносабатларимиз янги босқичга кўтарилганидан келиб чиқиб, жадал ва тизимли ишлашимиз керак", – деган давлатимиз раҳбари.
Тараққий этган мамлакатларда инвестициялар жалб этиш бўйича тажриба Бирлашган Араб Амирликлари мисолида кўриб чиқилди. Энг замонавий ёндашув ва иш юритиш услубларини соҳа ва тармоқларимиз фаолиятига жалб этиш, ушбу мамлакатдан мутахассислар таклиф этган ҳолда ёки онлайн тарзда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш ва тажриба ўрганишни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди, бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда Тошкент шаҳрида замонавий саноат корхоналари ташкил этишга қаратилган ишлар ижроси ҳам таҳлил қилинди. Бу лойиҳалар шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдалан ҳолда бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш жиҳатидан муҳимлиги қайд этилиб, уларни тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берилди. 
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари инвестиция соҳасига доир қонунчилик халқаро нормалар даражасида такомиллаштирилиши, улар ҳар бир инвесторга ишонч, кафолат бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
4025views0replies
0

Изоҳлар