Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкент вилоятида Бош прокуратура департаментининг сохта ходимлари қўлга олинди

Ўзини прокуратура ходими деб таништирган ҳайдовчи таниши билан бирга фирибгарлик йўли билан 1 миллион сўмни қўлга киритмоқчи бўлди.

4077views0replies
0

UzNews.uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва Юқоричирчиқ туман прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда икки нафар эркак фирибгарлик учун қўлга олинди, дейилади Бош прокуратура хабарида.
“А.Б.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.М.нинг аризасига кўра, аслида “К.И.” МЧЖда ҳайдовчи бўлиб ишловчи фуқаро Р.Н. “М” кафесига овқатланиш мақсадида кириб, ўзини “Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходими Рустам” деб таништирган.
Фуқаро таомларнинг сифатидан норозилиги ва кафега келган мижозларга НКМ чеки берилмаётганлигини важ қилиб, ғазнада турган НКМ аппарати ва кафега тегишли бўлган тиббий дафтарчани олиб қўйган.
Шундан сўнг ушбу ҳолатлар юзасидан баённома расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик эвазига фирибгарлик йўли билан ўзининг жиноий шериги, ҳеч қаерда ишламайдиган фуқаро А.Р. орқали 1 млн. сўм олган вақтида Департамент органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.Н. ва А.Р.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
4077views0replies
0

Изоҳлар