Излаш
RUUZ

Сиёсат

Фото: Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари Тошкентдаги Корейс маданияти ва санъати уйини очиб беришди

Тошкент шаҳрида 20 апрель куни Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

20724views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин рафиқалари билан биргаликда ушбу дўстлик ва маданият саройини очди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
"Пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган ушбу муҳташам иншоот қиёфасида замонавий архитектура ютуқлари ва анъанавий корейс маданияти уйғунлашган. Бу маскан халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги ва мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичга чиққанининг ёрқин тасдиғидир", - деди Шавкат Мирзиёев.
"Бу марказ дўстлик, аҳиллик ва муштараклик майдонидир. Ўйлайманки, у Ўзбекистондаги корейс диаспораси, шу ерда ишлаётган кореяликлар ва барча ўзбекистонликлар учун умумий уй бўлади. Кўп жиҳатдан ўхшаш халқларимиз ва биродарлашган давлатларимизни боғлаб туради", - деди Мун Чжэ Ин.
Саҳнада корейсларнинг юртимизга кўчириб келиниши, халқимиз билан аҳил яшаши ҳақида бадиий композиция намойиш этилган.
Тадбирда 1937 йилда Узоқ Шарқдан ўн минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилгани қайд этилди. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларимизнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар юртимизда иккинчи Ватанини топди. Улар Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланди.
Давлат раҳбарлари ўзбекистонлик корейс рассомлари асарлари кўргазмаси билан ҳам танишишган.
Корейс маданият ва санъат уйи 478 ўринли киноконцерт зали, конференциялар зали, кутубхона, бадиий галерея, ресторан ва хизмат хоналарни ўз ичига олган.
У жамоатчилик ва ёшлар интиладиган, муштарак маданиятимизни бойитадиган яна бир масканга айланади. Бу кун алоҳида стратегик шерик давлатлар - Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари тарихида яна бир ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Бугун куннинг иккинчи ярмида Президентлар Самарқандга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойлар билан танишади.
20724views0replies
0

Изоҳлар