Излаш
RUUZ

Жамият

4 нафар аёл салкам 97 млнлик тақинчоқларни ўғирлади

Тўрт нафар аёлдан иборат жиноий гуруҳ бозорда бир неча маротаба ўғирлик содир этганликлари маълум бўлди.

2330views0replies
0

Иллюстрация

Халқимиз қадим-қадимдан аёлни оиланинг чироғи, фарзандларни дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказадиган мунис ва мушфиқ зот сифатида қадрлаб, юксак эътибор ва эҳтиром кўрсатиб келган. Зеро, муқаддас ҳадисда ҳам "Жаннат оналар оёғи остидадир", дея бежизга айтилмаган.
Аммо ҳаётда ўзининг тубан қилмишлари билан ана шундай муқаддас номга доғ тушираётган аёллар, афсуски, учраб туради. Қуйида шу ҳақида фикр юритамиз.
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган Ҳалима Ҳамроева оилали, 7 нафар фарзанднинг онаси бўла туриб, бир эмас, бир нечта марта жиноий қилмишга қўл урди.
Халқимиз бежизга кўр кўр­ни қоронғуда топади, деб айтмаган. Ҳалима Ҳамроева Самарқанд шаҳрида туғилган, 6 нафар фар­занд­нинг онаси Саида Акбарова, Сурхондарё вилоятининг Сари­осиё туманида туғилган, 6 нафар фарзанднинг онаси Чарос Раҳимова ва Са­мар­қанд шаҳрида туғилган, 6 нафар норасиданинг онаси Жа­мила Бозорова билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўз­­ларининг навбатдаги жиноятини Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида содир этишди.
Қисқаси, 2018 йил 6 июнь ку­ни Чироқчи туманида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни бўлиб ўта­ди­ган "Кўктош баракаси" масъу­лияти чекланган жамиятига қарашли бозорга "овга" чиқ­қан киссавурлар ўлжасини топишга кўп вақт сарфлашмади.
Жиноий гуруҳ ўлжасини нишонга олгач, фурсатни бой бермай жиноий ҳаракатларини бошлаб юборишди. Ўша куни Камола Боқиева бамайлихотир бозор расталарини айланиб юраркан, кутилмаганда одамлар орасидаги тирбандликда қо­­либ кетади. Буёғини сўрасангиз, бу тирбандлик жиноий гуруҳ томонидан атай уюштирилган эди. Чунки бундай вазиятда улар ғараз мақсадларини осонгина амалга оширишарди.
Амалда ҳам шундай бўл­­­ди. Жиноий гуруҳ аъзолари одамлар орасида қолиб кетган К. Боқиеванинг елкасига илиб олган сумкасидан ҳамё­ни­ни оппа-осон ўғирлаб олишди. Буни қарангки, улар томонидан қўлга киритилган ҳамён "тилла сандиқча" бўлиб чиқди. Аниқроқ айтганда, Камола Боқиеванинг ҳамёнида 77 677 000 сўмлик тилло тақинчоқлар бор эди.
Бироқ жиноий гуруҳнинг бу билан нафси қонмади. Улар Шаҳ­ло Темированинг ҳам чўн­такларини "тозалаб" кетишди. Бу галги қўлга киритилган ўл­жа­нинг умумий баҳоси 19 000 000 сўмни ташкил этарди.
Шундан сўнг улар бозорни тарк этишди.
"Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади" деган нақл­ни бугун қирқ кунда деб ўзгартирсак, тўғри бўлади. Нега де­ганда, юқорида қайд этилган киссавур ўғриларнинг қилмишини фош этишга ҳам кўп вақт кетмади. Ўтган 2018 йилнинг 18 декабрида жиноят ишлари бў­йича Чироқчи туман судининг очиқ суд мажлисида жиноий гуруҳ аъзолари Ҳалима Ҳам­рое­ва, Саида Акбарова, Чарос Раҳимова ва Жамила Бозороваларнинг устидан ҳук­м ўқилди. Жиноий гуруҳ аъ­зо­лари томонидан жабрланувчиларга етказилган моддий за­рар тўлиқ қопланди ҳамда суд томонидан уларга қилмишларига яраша озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди.
Бу ҳақида ўйлаганда, бир томондан, шаънига доғ туширган бу аёлларга нафратинг ошса, бир томондан уларга ачинасан, киши. Нега деганда, уларнинг ҳар бирининг 5-6 нафардан фарзанди бор. Улар шундай ту­бан йўлга кирган экан, оилада эр, қайнота, қайнона, қолаверса, маҳалла-кўй қаёққа қаради, деган савол кўнгилдан кечади.  Улар аёлларнинг қилмишидан ғафлатда қолган, десак, бунга ҳеч ким ишонмайди. Демак, аёлларнинг бундай қилмишга қўл уришида уларнинг яқинлари ҳам баб-баробар айбдор.
Лутфулла Мамаражабов,
жиноят ишлари бўйича
Чироқчи туманисудининг раиси
2330views0replies
0

Изоҳлар